Йирик иқтисодиётга эга мамлакатлар коронавирус пандемиясидан кейин ҳам яккаланиш йўлини тутишда давом этади. Дунё бир нечта мустақил макроминтақаларга бўлинади ва барчаси ўзларининг ишлаб чиқаришини ҳамда молиявий тизимини кучайтириб боради. “Астана” халқаро молия маркази (ХММ) бошқарувчиси Қайрат Келимбетов РИА Новостига интервью берар экан, коронавирус пандемияси ниҳоясига етгандан кейин дунё иқтисоди мана шундай сценарий асосида ривожланишини таъкидлади.
“Менинг фикримча, барча мамлакатлар келгуси тараққиётида учта асосий йўналиш бўйича кетади. Ушбу курслар энг аввало, ўзини ўзи таъминлай олиш ва яккаланишни назарда тутади. Ўзини ўзи таъминлай оладиган иқтисодга ва катта нуфусга эга кўплаб мамлакатлар ушбу йўналишни танлаши мумкин. Масалан, Америка Қўшма Штатлари“, дейди Келимбетов.
Унинг таъкидлашича, пандемия ҳозирги протекционизмни (давлатнинг ўз миллий экономикасини чет эл рақобатидан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий сиёсати) ҳаракатлантирувчи қувват вазифасини ўтайди. Бироқ бунга сабаб аслида, глобализациянинг шиддат билан кенгайиши бўлди ва бундан АҚШга ўхшаган мамлакатлар зиён кўра бошлади.
“Бизнинг фикримизча, келгусида ҳам протекционизмнинг ўсиши ва миллий давлатчиликнинг кучайиши кузатилади. Бунга биз пандемияга жавоб сифатида гувоҳ бўлиб турибмиз. Ҳатто энг барқарор интеграция платформаси сифатида қаралаётган Европа Иттифоқи ҳам коронавирус пандемияси туфайли мураккаб аҳволда қолмоқда, чунки яккаланиш тренди барчасидан афзал кўрилмоқда“, дейди эксперт.
Мутахассиснинг фикрича, иккинчи сценарий, бу миллий банк ва корхоналарни кенг кўламда қўллаб-қувватлаш бўлади. “2008-2010 йиллардаги инқирозда ҳам шундай йўл тутилган эди. Ўшанда мустақил фондлар маблағларидан фойдаланиб, банк ва корхоналарнинг ликвидлигини таъминлаган эдик. Менинг фикримча, мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш асосий йўналишимиз бўлиши керак. Бу эса энг аввало, захираларимизни ишга солиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, халқаро ликвидликни таъминлаш демакдир“, дейди “Астана” Халқаро молия маркази раҳбари.
Келимбетовнинг фикрича, мазкур сценарийни ҳаётга жорий қилиш Россия ва Қозоғистон каби мамлакатлар учун муаммоли бўлади, чунки яккаланиш сиёсати ва тўлиқ импорт ўрнини босиш барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун жуда зарур бўлган иқтисодий ўсиш суръатини юқори даражада ушлаб тура олмайди. Аммо мамлакатлар бунга тайёрланса бўлади ва ҳатто фойда ҳам олиши мумкин, агар ҳозирда шаклланаётган савдо блокларида муносиб жой эгаллай олса, албатта. Бундай блокларни ташкил этиш иқтисодни ривожлантиришнинг учинчи сценарийсидан жой олади.
“Биз евроҳудудда кечаётган жараённи ҳамда англо-саксон дунёсида кечаётган алоҳида жараённи кўриб турибмиз. Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия алоҳида бир савдо блоки бўлиши мумкин. Жануби-шарқий Осиё, Лотин Америкаси ҳам алоҳида савдо блоклорини шакллантириши мумкин. Табиийки, Евроосиё иқтисодий иттифоқ ҳам Ипак йўли иқтисодий белбоғ бўйлаб савдо блокини тузади“, дея хулоса қилади Келимбетов.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА