Қозоғистон парламенти болаларни мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Қозоғистон парламенти томонидан маъқулланган Халқ саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисидаги Кодекс Қозоғистоннинг барча фуқароларини кўнгилли ва мажбурий эмлашни назарда тутади, шунингдек, эмланманган болаларни болалар боғчаларига боришларини тақиқлайди. Кодекс лойиҳаси парламент қуйи палатаси томонидан тасдиқланди.
Депутат Зауреш Аманжолованинг сўзларига қараганда, бошқа 95 фоиз бола эмланган тақдирдагина эмланмаган болаларнинг болалар боғчасига қўйишга рухсат берилади.
Кодексда ўз болаларини эмламаган ота-оналарни жазолаш борасида бирор бир кескин норма йўқ. Уч йил муқаддам Фуқаролик жамияти ва Дин ишлари бўйича вазирлик “Диний фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасига эмланишдан бўйин товлаганлар учун 68 доллар миқдорида жарима солиш борасидаги таклифни илгари сурган эди.
Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун сенатга юборилди.
Мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қозоғистонда аҳолининг эмлаш сифатига ишонмаслиги, шунингдек эмлашдан сўнг эҳтимолий мураккаб хатар боис турли баҳсларга ва танқидларга сабаб бўлди. Фуқаролар онлайн-петиция уюштиришди, улардан бири 166 мингдан ортиқ имзо тўплади. Одамлар оммавий равишда мажбурий вакцинацияга қарши чиқдилар ва бу норматив ҳуқуқий актлар лойиҳаси порталида ҳам ўз аксини топди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига кўра, болаларни вакцинация қилмаслик Конституцияда кафолатланган ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида белгиланган болалар соғлиғини сақлаш борасидаги ҳуқуқларнинг бузилиши ҳисобланади.

 

ЎзА