Жорий ҳафтада мамлакатимиздаги 110-220-500 киловольт кучланишли электр тармоқларини назорат кўригидан ўтказиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Бу ҳақда АОКАда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр тармоқларидан фойдаланиш бош бошқармаси муҳандиси Маҳфуза Сувонова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Брифингда таъкидланишича, Янги йил байрами муносабати билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 24 соатлик навбатчилик режими жорий этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги магистрал электр тармоқлари филиалларида узунлиги 12 минг 500 километр бўлган электр узатиш тармоғи ҳамда 30 000 мегавольт-амперлик қувватга эга 90 та юқори кучланишли подстанцияда узлуксиз фаолият таъминланган.
Дам олиш кунлари давомида авариявий ҳолатлар ёки фавқулодда ўчишлар қайд этилмади. 629 нафар мутахассисдан иборат 65 та навбатчи гуруҳ электр тармоқлари ва подстанциялардаги барча эҳтимолий носозликларнинг олдини олишга тайёр турди. Улар зарур техник воситалар, эҳтиёт қисмлар ва алоқа ускуналари билан тўлиқ таъминланган.
Бугунги кунда ҳам электр энергиясини барқарор ва узлуксиз етказиб бериш мақсадида 24 соатлик иш тартибида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда магистрал электр тармоқларининг металл конструкцияли таянч устунлари мустаҳкамланмоқда, шикастланган элементлар алмаштирилмоқда, тепловизор ускуналари ёрдамида контакт бирикмалар кўриги ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини магистрал линиялар орқали тақсимловчи тармоқларга етказиб бериш билан шуғулланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА