Мана 2024 йил ҳам якунланиб, янги 2025 йил кириб келди. Жамият ҳаётида босиб ўтилган ҳар бир давр муайян таассуротлар билан тарихга муҳрланиши тайин. Шуниси аниқки, хотира, таассурот ва хулосалар қандай бўлишидан қатъи назар, янги йилни умид, эзгу ниятлар билан бошлаш яхши анъанага айланган.
Ўтган йил Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсат олиб бориб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни фаол ривожлантирди, дейиш мумкин. Айни жараёнда халқаро ва минтақавий хавфсизликка оид долзарб мавзулар, замонавий таҳдид ва хатарлар, янги дунё тартиботини шакллантиришга нисбатан қарашлар ва ёндашувлар шакллантирилди. Энг муҳими, мамлакатимиз ташқи сиёсати дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
ЎзА мухбири ўтган йил юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида кузатилган муҳим ўзгаришлар, тенденциялар ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари, шунингдек, жорий 2025 йилда кутилаётган геосиёсий вазият хусусида экспертлар фикрини ёзиб олди.
Шоислом Акмалов, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси доценти:
– Ўзбекистон Республикасининг кейинги йиллардаги мардонавор, ўта оқилона, шу билан бирга узоқ истиқболга йўналтирилган ташқи сиёсат бобидаги амалий саъй-ҳаракатлари дунё ва минтақа давлатлари экспертлари диққат-эътиборидан муқим жой олгани барчамизга маълум.
Кейинги даврда бироз талотўп, беқарор ва осойишталикдан йироқ халқаро вазият кузатилаётгани ҳам сир эмас. Шундай бир муракккаб вазиятда давлатимиз ва халқимиз хавфсизлигига зарар етказмаган ҳолда, жаҳон мамлакатлари билан барқарор ва таҳдидлардан йироқ амалий муносабатлар йўлга қўйилиши юртимизни турли гирдоблардан омон асраб келмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоиз, 2024 йил Ўзбекистон ташқи сиёсати учун самарали ва фаол келди. Деярли барча мамлакатларга дахлдор глобал даражадаги сиёсий-ҳарбий ва иқтисодий жараёнлар қайси шакл-шамойилда юз берган бўлмасин, миллат етакчисининг ташқи сиёсатдаги изчиллиги, ҳар қандай шароитда ҳам мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган стратегияси, Марказий ва Жанубий Осиёда ижобий ўзгаришлар кўзланган очиқлик усули туфайли халқаро аҳамиятга эга натижалар қўлга киритилди. Бундай прагматик ва оқилона ёндашув минтақада барқарорлик, осойишталик, мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч вазиятини яратиш билан бирга, республикамизга нисбатан минтақавий етакчи, барчага тааллуқли муаммоларни ҳал эта оладиган халқаро муносабатларнинг фаол субъекти сифатида қараш имконини бермоқда.
Қайд этиш керак, ташқи сиёсат кун тартибидаги барча нозик жиҳатлар мазмун-моҳиятини чуқур идрок этиш, миллий манфаатлар устуворлиги тамойилини эътиборга олган ҳолда, халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган прагматик минтақавий ва глобал сиёсий йўлни танлаш Ўзбекистон халқаро даражада ўзига хос кучлардан бирига айланишига кўмаклашди.
Замон билан ҳамнафас бўлибгина қолмасдан, жаҳон миқёсидаги эҳтимолий таҳдидли жараёнлар олдини олиш орқали ўлкамиз сиёсий-ижтимоий, иқтисодий хавфсизлигини бекам-у кўст таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган 2024 йил 20 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисидаги нутқида “мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтириш, яқин қўшниларимиз билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифадир”, дея таъкидлади. Бу давлатимиз жаҳон миқёсида жуда тез суръатда кечаётган мураккаб ва чигал масалаларга масъулият билан ёндашаётгани, юртимиз осойишталигига путур етказиши мумкин бўлган омилларни олдиндан бартараф этишга интилаётганидан далолат.
Ташқи сиёсатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида дунёда тинчлик ўрнатиш ва осойишталикни қўллаб-қувватлаш деб биларкан, мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги жорий йил 5 июнь куни Ғазо секторидаги вазият ривожланишидан хавотир билдирди ва томонларни вазминликка, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, зўравонлик ва тинч аҳоли қурбонлари сони янада ошишига йўл қўймасликка чақириши халқаро ва ҳар бир давлатнинг ҳақли субъект сифатидаги айрилмас ҳуқуқига чуқур ҳурмат белгисидир.
Юртимиз ўтган йилда ҳам ўзини жаҳон ҳамжамиятининг фаол, масъулиятли аъзоси сифатида намоён этди. Глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга масъулиятли ёндашув намойиш этди. Ўзбекистоннинг бевосита етакчилигида Марказий Осиёда сиёсий барқарорлик мустаҳкамланди. Афғонистон муаммосини холисона ҳал этиш жараёнида диёримиз барқарор вазиятни тиклаш учун етарли маънавий-сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга ташқи сиёсат субъекти сифатида амалий саъй-ҳаракатларни давом эттиришга қодирлигини исботлади.
Сайфиддин Жўраев, ТДШУ Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори:
– Шубхасиз, 2024 йил мамлакатимиз ички ва ташқий сиёсий ҳаётида кўплаб эътиборга молик воқеалар кузатилди. Хусусан, янги трансформацион жараёндан келиб чиққан мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайлов йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Аралаш сайлов тизими натижасида янги давр халқ ҳокимиятининг такомиллашган тизими фаолият юрита бошлади. Муҳим жиҳати шундаки, бу галги сайловда сиёсий партиялар бир-биридан фарқ қилувчи, сайловчилар хоҳиш-истаги инобатга олинган ғоя ва мафкуралар билан чиқиб, рақобат муҳитини яратишди. Сиёсий фаоллар ва лидерлар ўртасида илк бор бўлиб ўтган дебатлар демократик муҳитнинг бугунги кун талабига жавоб берадиган механизми ва воситаларини амалда таъминлади. Дебатлар фақат пойтахтда ёки йирик шаҳарларда эмас, балки чекка қишлоқ ва овулларда ҳам ташкил қилинди. Бундай тадбирлар тўғридан-тўғри эфирга узатилиши эса ошкоралик ва очиқлик институтининг такомиллашганини кўрсатди.
Ташқи сиёсатда ҳам сезиларли ютуқларга эришдик. Ўзбекистоннинг дўстона, тинчликпарвар фаолияти мунтазамлик касб этиши, барча ҳаракатлар мамлакатимизда кечаётган иқтисодий ривожланиш, давлатимиз қудратини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлашга қаратилди.
Бу жараёнлар халқаро миқёсда фаол ҳаракатланиш, минтиақада тинчликни таъминлаш, жаҳондаги таҳликавий вазиятларни юмшатиш, зиддиятларни бартараф қилишда ўзига хос янгича формулага асосланган янги ташаббуслар билан чиқишда намоён бўлди. Давлатимиз раҳбари қўшни давлатлар етакчилари билан ўрнатган самимий ва ишчан сиёсий-дипломатик мулоқотлари алоҳида аҳамиятга эга. Яъни, биргаликда иқтисодий дипломатиянинг бутунлай янги механизми ишга солинди. Ҳамкорликда саноат кооперацияси, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистикани нафақат минтақа эҳтиёжидан келиб чиқиб, балки глобал тараққиёт томон етакловчи ривожланиш кузатилди. 2024 йилнинг охирги кунларида Хитой – Қирғистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланиши, шубҳасиз, нафақат Марказий Осиё балки Евроосиё учун ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эга воқеадир.
Президентимиз ташаббуси амалий натижаси сифатида такомиллашиб бораётган Марказий Осиё давлатлари Маслаҳат Кенгаши институтининг ҳаётийлиги Қозоғистонда бўлиб ўтган навбатдаги саммитда яна бир бор исботланди. Жумладан, тузилма бугунги куннинг чигаллашган дунёвий муаммоларини ечишда тараққиёт учун ўзга хос янги мулоқот майдони сифатида эътироф этилди.
2024 йил Ўзбекистоннинг юксак халқаро мавқеини намоён қиладиган яна бир муҳим воқеа содир бўлди. Яъни, Президентимиз дунё хавфсизлиги ва тинчлигига салбий таъсир кўрсатаётган Яқин Шарқдаги зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш ва 1967 йилги БМТ қарори асосида мустақил Фаластин давлатини тузиш барча муаммоларнинг калити эканини таъкидлаши жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланди.
Шунингдек, ўтган йил ўлкамизнинг ривожланган давлатлар, хусусан Россия, Хитой, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Туркия ҳамда Осиёнинг йирик давлатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Айниқса, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида сезиларли қадамлар ташланиши аҳамиятга молик. 2025 йил айни йўналишда бундан-да юқори натижаларга эришилиши кутилмоқда.
Усмонжон Бўтаев, “Истиқбол” тадқиқот маркази” ННТ раҳбари, ЎзМУ профессори:
– Мамлакатимиз сўнгги бир йил мобайнида ички ва ташқи сиёсатда жамиятнинг барча соҳаларида ижобий натижаларни тарих зарварақларига ёзиб қолдирди. Бу натижалар аввало “Инсон ва унинг қадр-қиммати”га асослангани билан ажралиб туради. 2024 йил юртимизда рўй берган асосий ўзгаришларни икки асосий йўналишда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ:
Биринчиси, Ўзбекистон ички сиёсатидаги ижобий ўзгаришлар.
Дастлаб, Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш ва ҳар томонлама модернизация қилиш, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган, Янги Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва суверенитети, халқимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини кафолатли таъминлашга қодир кучли армияга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Қорақалпоғистон иқтисодиётини кўтариш, одамларнинг турмуш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган ҳудудида 1 миллион 800 минг гектар яшил ўрмонзор барпо этилди. 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди, 401 маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Аҳолининг турмуш даражаси ошди.
“Яшил энергетика” соҳасида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилди.
Камбағалликни қисқартириш, ёшларга оид фаол давлат сиёсатини олиб бориш, хусусан ёшларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича талай ишлар қилинди. Ушбу йўналишда фуқаролик жамиятининг энг қуйи бўғини – маҳалладан бошлаб ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Яхлит вертикал бошқарув тизими” яратилди. Шу асосда республикадаги 9 452 маҳаллада Ёшлар етакчилари иш бошлади, “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Президент ташаббуси билан маҳаллалар негизида ташкил қилинган “маҳалла еттилиги” тизимида ҳозир 57 591 нафар вакил фаолият кўрсатмоқда. Мазкур тизим ёрдамида жами 208 442 оила камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 2,4 фоиз қисқариб, 11 фоиздан 8,6 фоизга туширилди, 671 213 нафар одам иш билан таъминланди. Жумладан, 20 442 ўғил-қиз касб-ҳунарга ўқитилди, 16 000 дан ортиғига моддий ёрдам ва субсидия берилди, 87 мингдан кўп ёшнинг турли муаммолари ҳал этилди. Эътиборли жиҳати, 2024 йилда “Тошкент – МДҲ ёшлари пойтахти” деб эълон қилинди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида аҳоли саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича давлат тиббий суғуртаси тизими ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизмат сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандарт асосида ривожлантириш каби йўналишларда туб ўзгаришлар амалга оширилди. 1 декабрдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Камбағал оилалар реестри” шакллантирилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг “Камбағал оилалар учун етти имконият ва масъулият” тамойили тадбиқ этилди.
Туризм қўмитаси томонидан сайёҳлик йўналишларининг ягона реестри ишлаб чиқилди. Туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаси ташкил этилди.
Мамлакатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тизимида институционал, функционал ўзгаришлар юз берди. Бунинг замирида инсон манфаатига қаратилган кенг миқёсли қонунчиликни амалга оширувчи механизм яратилди.
Ватанимизда давлат ва дин муносабатини такомиллаштириш бўйича ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалда рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатини ҳимоя қилиш, жамиятда “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этиш, диний мутаасиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, диний бағрикенгликни таъминлаш, фуқаролар хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқаролари Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришилди.
Иккинчиси, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ижобий ўзгаришлар.
Юртимиз Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида кўплаб ютуқларга эришди. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг ҳосиласи сифатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ТДТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида терроризм ва таҳдидларга қарши кураш соҳасидаги амалий ҳамкорлигини янада ривожлантирди. Президентимиз томонидан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек диёримиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири – “Олий даражали Дўстлик” орденини тантанали топшириши глобал ва минтақавий аҳамиятга молик кенг кўламли ислоҳот ва ташаббусларимиз, шунингдек БМТ институтларининг республикамиздаги фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан дарак беради.
2024 йил Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги марралар забт этилди. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги самарали ишбилармонлик учрашувлари бунга яққол мисол бўлади. Айни йўналишда икки томонлама стратегик шериклик муносабати янада яхшиланди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўлами кенгайди.
Ўзбекистоннинг Кўрфаз араб давлатлари билан ҳамкорлиги жадаллашди. Бунинг самараси ўлароқ, “яшил энергетика”, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникация каби тармоқларда истиқболли лойиҳалар илгари сурилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, диёримиз ўтган йил эришган ютуқлар замирида мамлакатимиз суверенитетини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг имижини ошириш мақсади ётибди. Шундан келиб чиқиб, 2025 йил учун ўлкамиз ташқи сиёсатида қуйидаги йўналишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши кутиляпти.
Минтақа ва халқаро ташкилотлар билан ҳамда давлатлараро муносабатларда сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш.
Иқтисодий йўналишда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва амалга ошириш.
Транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш.
Иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш.
Фарход Каримов, сиёсий фанлар доктори, профессор:
– 2024 йил бутун дунёда геосиёсий, геоиқтисодий ва ижтимоий жараёнлар анча фаоллашди. Шундай беқарор ва кескин шароитда Ўзбекистон тараққиёт тенденциясини изчил давом эттириб, барқарор мақсадлар сари фаол ҳаракатни асло сусайтиргани йўқ.
Ўтган йилни сарҳисоб қилсак, ўлкамиз ички ва ташқи сиёсат билан боғлиқ бир қатор муҳим жараёнларни бошдан кечирганига гувоҳ бўламиз.
Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов натижасида 150 депутатнинг 75 нафари бевосита мажоритар йўл билан сайланди, яъни номзоднинг ўзига овоз берилди. Шунингдек, жамият ҳаётида сиёсий партиялар ролини ошириш мақсадида номзоднинг ўзига эмас, балки сиёсий партияга овоз бериш шакли ҳам қўлланди.
Сайловчиларимиз сиёсий партиялар мавқеи, даражаси ва илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, пропорционал равишда ўзларига маъқул партияга овоз беришди. Энди партияларнинг сиёсий фаоллашуви талаб этилади, чунки халқ муайян партияларга ишонч билдирди ва шунга яраша депутатлардан ҳам фуқаролар мурожаати, таклифлари билан ишлашда қўшимча масъулият талаб этилади.
2024 йил жаҳондаги мураккаб шароитга қарамасдан, Ўзбекистон ЯИМ бўйича тарихий кўрсаткич қайд этиб, бу миқдорни 100 миллиард доллардан оширди. Миграция даражаси тушгани, камбағаллик қисқаргани ҳам давлатнинг ўзига хос иқтисодий-сиёсий ютуғи, десак бўлади.
Молия тизими, таълим, тиббиёт, давлат хизмати кўрсатилиши рақамлаштирилгани фуқароларимиз учун сезиларли қулайликлар юзага келтирди.
Ватанимиз ташқи сиёсатида ҳам фаоллик кузатилди. Нуфузли саммит ва форумларда давлатимиз раҳбарининг чиқишлари хорижий таҳлилий марказлар, ахборот институтлари томонидан диққат билан кузатилиб, таҳлил этилди. Демак, Ўзбекистон халқаро майдонда ўзига хос имиж яратмоқда.
Эътиборли жиҳати, аввалги йилларда бирор халқаро масала ёки глобал муаммо бўйича фикр билдиришда бироз вазминлик кузатилган бўлса, 2024 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг у ёки бу глобал муаммо, давлатлараро зиддиятга ёндашуи аниқ айтила бошланди. Энг муҳим, энди ривожланган, қудратли мамлакатлар ҳам бизни эшита бошлади.
2025 йил ҳам Ўзбекистон олдида ислоҳотларни давом эттириш, фаол тараққиёт ва ривожланиш йўлида чалғимаслик мақсади турибди. Вазифаларимиз аниқ ва бу улкан мақсадларни рўёбга чиқариш қанчалик қийин бўлмасин, фаолликни йўқотмай, дадил одимлаб бораверамиз.
Ўткир АЛИМОВ тайёрлади, ЎзА