Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида U-18 ўсмирлар ва U-20 ёшлар жамоалари ўртасида ўтаётган Халқаро гандбол федерацияси кубогининг Осиё қитъаси босқичи саралаш мусобақаларида ҳамюртларимиз ғалабага эришди.

Ўзбекистон U-18 ва Бангладеш U-18 жамоалари ўртасидаги қарама-қаршилик ўсмирларимизнинг устунлигида ўтди. Биринчи бўлимда 24:11 ҳисоби қайд қилинган бўлса, якунда 41:23 ҳисобида терма жамоамиз аъзолари ғалабани тантана қилди.

Шу билан гандболчиларимиз гуруҳ беллашувларини биринчи ўринда якунлади. Энди терма жамоамиз гуруҳда тўртинчи ўринни эгаллаган жамоага қарши ярим финал учрашувини ўтказади.

Ўзбекистон U-20 ва Қозоғистон U-20 жамоалари учрашуви ниҳоятда кескин ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой ўтди. Баҳс давомида иккала жамоа ҳам ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўрганини намойиш этди.

Беллашувнинг дастлабки бўлимида қозоғистонликлар 15:16 кўринишида устунликка эга бўлган эди. Иккинчи бўлимда гандболчиларимизнинг ғалабага бўлган иродаси панд бермади. Учрашув тугашига икки дақиқа қолганда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 31:30 ҳисобида устунликка эришди.

Бугун, 6 январь куни ҳар икки ёш тоифасидаги терма жамоамиз ярим финал баҳсларида майдонга тушади.

Т.Рўзиев,

ЎзА