Тошкент шаҳридаги барча автобусларда 1 январдан йўлкира тўловларини нақд шаклда тўлаш тўхтатилди. Бунинг ортидан транспорт ёки банк картаси бўлмаган йўловчиларнинг бир марталик чипталарга эҳтиёжи ортади.
Хўш, пойтахтда бундай чипталарни сотадиган шохобчалар етарлими? Эндиликда йўл ҳақини нақд пул кўринишида берган йўловчи жаримага тортиладими? Шу каби саволлар билан Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси масъулига юзландик.
– Пойтахтимизда 1 январдан автобусларда нақд пул орқали тўловлар қабул қилинмайди, – дейди Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аллаёр Норбўтаев. – Чиптачилардан воз кечилади. Йўлкира учун тўловларни нақд тўлаш амалиёти бекор қилиниши ортидан чиптачилар фаолиятидан воз кечилади. Чиптачилар билан шартномаларни бекор қилиш меҳнат қонунчилиги асосида амалга оширилади, уларга дастлаб бу борада огоҳлантириш хатлари берилган. Бугунги кунда пойтахтимизда 2644 та автобекат бўлса, улар атрофига 5500 та QR-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган. Айни дамда пойтахтдаги мавжуд бўлмаган бекатларга инфокиоскларни интеграция қилиш ишлари кетмоқда. Агар сиз нақд пул орқали тўлов қилмоқчи бўлсангиз, QR-чиптани харид қилиш учун тўлов инфокиоскларидан фойдаланишингиз мумкин. Бир марталик тўлов учун QR-чипта олсангиз йўл ҳақи 3000 сўм, “АТТО” картаси ёки мобил илова орқали тўлашда 1700 сўмни ташкил этмоқда. Бир марталик QR-чиптадан фойдаланиш учун автобус бекатларида QR-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган.
Шу ўринда айтиш жоиз, олган бир марталик чиптангизга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингиз керак. Чиптани текшириш учун қатнов охиригача сақлаш лозим. Барча “АТТО” карталарида ўтиш тарифлари амал қилади.
– Эндиликда йўл ҳақини нақд пул кўринишида берган йўловчи жаримага тортиладими?
– Агар йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда қабул қиладиган бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак, – дейди Транспорт назорати инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев. – Вазият Транспорт инспекциясининг ҳудудий инспекторлари томонидан назорат қилинади. Биринчи сафар огоҳлантириш берилади. Огоҳлантиришга қарамасдан ҳуқуқбузарлик такрорланадиган бўлса, ўрнатилган тартибда ҳайдовчига ҳам йўловчига ҳам маъмурий баённома расмийлаштиришга тўғри келади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси ҳамда 145-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Яъни, йўловчига нисбатан маъмурий баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан тузилади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бири миқдорида жарима белгиланади. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 минг бўлса, 37 минг 500 сўм миқдорида фуқаро жаримага тортилади. “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти томонидан барча автобусларга назорат камералари ўрнатилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА