Байрам туҳфаси
Aмударё тумани Ойбек маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “XUSNIYA” нодавлат таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида мутасаддилар, нуронийлар, мактабгача таълим ташкилоти жамоаси аъзолари иштирок этиб, йиғилганларни Янги йил байрами ва таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди. Қурилиш ишларига 3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, тарбияланувчилар учун барча қулайликларга эга 120 ўринга мўлжалланган бино қад ростлади.
Ичимлик суви таъминоти яхшиланди
Шуманай тумани “Қорабойли” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Ҳудуддаги сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ҳамда ичимлик суви тармоғини янгидан қуриш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Бугунги кунда қурилиш ишлари якунига етказилди ва фойдаланишга топширилди. Натижада, ҳудудда яшовчи фуқароларнинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
“Ёш математиклар” беллашди
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ментал арифметика бўйича олимпиаданинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилиб, унда шаҳар ва туманлардан жами 500 нафарга яқин ўқувчи-ёш иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ҳамда 2022 йил 22 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур олимпиада болаларни рақобатбардошлик, ғалаба учун кураш руҳида тарбиялаш билан бир қаторда мантиқий фикрлаш, математик мисолларни ҳар хил усуллар ёрдамида ечишга ўргатиши билан аҳамиятли.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган олимпиада ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида ҳарбий округ вакиллари, марказ аъзолари, болалар ва уларнинг ўқитувчилари иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири