Эр-йигит учун ваъда нима? Матонатли ака-укаларимиз учун ваъда энг аввало, орият, диёнат, ҳамият, номус ва шараф, демакдир.
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Миллий Гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Ренессанс” телеканали ҳамкорлигида “Liger Cinema” киностудияси томонидан суратга олинган “Ваъда” номли кўп қисмли сериалнинг махсус премьераси бўлиб ўтди.
Намойишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг тарбиявий ишлар, кадрлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сарвар Мамаюсупов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Кинематография агентлиги матбуот котиби Сайфулло Ражабов, киноижодкорлар, юртдошларимиз ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Премьера аввалида мазкур картинанинг аҳамияти, ғояси ҳақида батафсил сўз юритилди.
Миллий Гвардия қўмондонлиги раҳбарияти томонидан ҳамкор ташкилотлар ҳамда киноижодкорлар учун махсус эсдалик совғалари топширилди.
Сериал ёшларнинг ҳарбий таълим олиш жараёнини, интизом ва масъулиятни ҳис этишни ўрганиш, жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш каби муҳим жиҳатларни акс эттиради. Шунингдек, фильмда дўстлик, садоқат, жасорат ва ватанпарварлик каби олижаноб қадриятлар улуғланади.
Сериалда Меҳриддин Раҳматов, Aнвар Aзимов, Дилмурод Масаидов, Раҳматилла Валиев, Жамшид Итолмасов, Меҳридилбону Эргашева, Севинч Сиддиқова каби маҳоратли ижодкорлар суратга тушган.
Сценарий муаллифлари– Бобур Йўлдошев ва Санжар Маманазаров, режиссёрлар – Бобур Шер ўғли ҳамда Жамшид Нарзиқулов.
Айтиш керакки, сериал 60 қисмдан иборат бўлиб, шу йилнинг 14 январь санасидан бошлаб юртдошларимиз ушбу картинани “Ренессанс” телеканали орқали томоша қилишлари мумкин бўлади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири