Россиянинг Тула шаҳрида ўтаётган хоккей бўйича “Евросиё дўстлик кубоги“ мусобақасининг сўнгги ҳал қилувчи финал босқичи баҳсларида пойтахтимизнинг “Ҳумо“ клуби иштирок этмоқда.

Шунингдек, “Евросиё дўстлик кубоги“да “Ҳумо“ жамоасидан ташқари, ВХЛ чемпиони “Нефтьяник“ (Алметьевск, Россия), Экстра-Лига ғолиби “Металлург“ (Жлобин, Беларус) ҳамда ВХЛ вице-чемпиони АКМ (Тула, Россия) каби хоккей клублари бош соврин учун ўзаро рақобатлашади.

Мусобақа регламентига кўра, эртага 6 январь куни Тошкентнинг “Ҳумо” жамоаси мамлакатимиз вақти билан соат 13:30 да ярим финал баҳсида “Металлург“ билан ўйин ўтказади. Учрашув якунига етгандан сўнг эса иккинчи ярим финал учрашуви старт олади.

Унда “Нефтьяник“ – “АКМ“ клублари финал йўлланмаси учун ўзаро рақобатлашади. Ушбу ўйинларда ғолиб жамоалар 7 январь куни соат 19:00 да бошланадиган финал учрашувида музга чиқади. Мағлуб бўлган жамоалар эса соат 14:00 да учинчи ўрин учун ўзаро рақобатлашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА