Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирдилар.
Жанггоҳларда жонини аямай, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, Ғалабага эришган ота-боболаримизнинг жасорати ва қаҳрамонлиги биродар халқларимизнинг миннатдор хотирасида мангу қолиши алоҳида қайд этилди.
Мулоқот чоғида чегараолди ҳудудларда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Аҳолига зарур ёрдамни кўрсатиш, инфратузилма ва коммуникацияларни қайта тиклаш борасида биргаликда амалга оширилаётган биринчи навбатдаги тадбирлар қўллаб-қувватланди.
Мамлакатларимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарали кечаётгани мамнуният билан қайд этди. Ушбу хавфли касалликнинг олдини олиш ва даволашда ваколатли идораларнинг яқиндан мувофиқлашуви ва ҳамкорлигини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини, аввало савдо-иқтисодий соҳада кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Пандемиянинг салбий оқибатлари таъсирини камайтириш мақсадида амалий ҳамкорликнинг янги лойиҳалари ва йўналишларини ишлаб чиқишда икки мамлакат бош вазирлари раҳбарлигидаги қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг муҳим роль ўйнаши таъкидланди.
Шунингдек, халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

 

ЎзА