Трамп Ким Чен Ин қайтганидан мамнун эканлигини билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг яна сиёсий ҳаётга қайтганидан мамнун эканлигини билдирди. У бу ҳақда Твиттердаги саҳифасида ёзган.
“Мен, масалан, у қайтганидан хурсандман ва бу яхши!“ — дея Ким Чен Иннинг Сунчондаги фосфат ўғитлари фабрикасига ташрифи воқеасига муносабат билдирган Оқ уй раҳбари.
Маълумки, КХДР лидери ўлими ҳақидаги миш-мишлардан кейин Ким Чен Иннинг омма олдида кўриниш бергани кўрсатилган видео интернетда пайдо бўлганди.
Хабарингиз бор, аввалига дунёнинг қатор, айниқса, АҚШдаги кўплаб оммавий ахборот воситаларида Кимнинг аҳволи “жарроҳлик амалиётидан сўнг анча оғир“ эканлиги хабар берилганди. Ҳатто айримлар уни “ўлди“га ҳам чиқаришди.
Бироқ кейин CNN америкалик давлат мансабдори маълумотига таяниб Шимолий Корея раҳбари саломатлиги билан боғлиқ бу каби маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қилди.
Жанубий Кореянинг Daily NK онлайн-нашри эса Ким Чен Ин кўп чеккани, семириш ва ҳолдан тойгани учун юрак жарроҳлигини амалга оширгани, айни пайтга келиб Хянсан округидаги вилласида даволанаётгани ҳақида хабар берди.
КХДР етакчи саломатлиги яхшилангандан сўнг уни даволаган тиббий бригаданинг катта қисми ҳам Пхеньянга қайтиб келган.

 

ЎзА