Шу кунларда бир қатор спорт турлари қатори дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам яна машғулотларга қайтишди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон дзюдо федерациясида терма жамоа аъзолари билан учрашув ташкил этилди.

Мулоқот жараёнида 2025 йилги мавсум режалари муҳокама қилинди. Федерация раиси ўринбосари Зафар Қаҳрамонов, бош котиб Азиз Собиров янги мавсум тақвимидан ўрин олган халқаро мусобақалар, ўтказиладиган ўқув-машғулот йиғинлари хусусида тўхталиб, ҳар бир спортчининг техник-тактик ҳолати мураббийлар билан биргаликда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2025 йилги спорт тақвимига кўра, миллий терма жамоа аъзолари 50 дан ортиқ давлатнинг миллий терма жамоалари билан биргаликда илк халқаро ўқув-машғулот йиғинини Австрияда ўтказади.

Жорий йил 16 январига қадар давом этадиган йиғинда Диёра Келдиёрова, Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсупов каби «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларида муносиб натижага эришган маҳоратли спортчилар қатори 10 нафардан ортиқ ёш дзюдочиларимиз ҳам иштирок этиши белгиланган

Юртимиз дзюдочилари 1-2 февраль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида йилнинг дастлабки нуфузли мусобақаси бўлган «Катта Дубулға» турнирида медаллар учун кураш олиб боради. Шундан сўнг, 14-16 февралда Бокуда, ундан кейин 28 февраль — 2 март кунлари Тошкентда ташкил этиладиган халқаро турнирларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Йиғилишда мазкур мусобақаларда муносиб иштирок этиш учун мураббийлар қатори, ҳар бир спортчидан ўзига нисбатан талабчан бўлиш лозимлиги борасида зарур тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун эрта тонгда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Австриянинг Миттерзил шаҳрида ташкил этиладиган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиш учун жўнаб кетди.

Т.Рўзиев,

ЎзА