Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга ўтган йилда 800 га яқин мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Ташрифларда ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганиб борилмоқда.
Омбудсман тавсиясига кўра, 23-сонли маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси очилди.
Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилди. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиалидаги ошхона тўлиқ таъмирланди.
Жиззах шаҳар ҳамда Дўстлик туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари капитал, Самарқанд вилоятидагиси жорий таъмирланди. Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилди.
Бухородаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясининг 12 -биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва маҳкумлар сақланадиган камералардаги шароитлар яхшиланди.
Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 2 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, аксарияти ижобий ҳал этилган.
Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Яккабоғ туманида жойлашган Қашқадарё вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига мониторинг ташрифи амалга оширилди. Унда жамоатчилик гуруҳи вакиллари ҳам иштирок этди. 160 ўринга мўлжалланган марказ 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, унда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кексалар ва 18 ёшдан юқори бўлган ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилади.
Мониторингда ушбу муассасада яшовчи шахсларнинг яшаш ва бошқа шароитлари ўрганилди. Аниқланишича, марказда яшовчи шахсларнинг маданий дам олишлари учун алоҳида маънавият хонаси ажратилган. Шунингдек, тикувчилик, рассомчилик, косибчилик, дурадгорлик бўйича меҳнат хоналари ҳам ташкил этилган.
Шу билан бир қаторда, марказда яшаётган шахслар билан якка тартибда суҳбатлашилди. Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклдаги ҳужжатлар киритилди.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили вилоят “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамда Қоракўл туманида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйига амалга оширган мониторинг ташрифларида қатор камчиликлар аниқланиб, ушбу ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотга Омбудсман хулосаси киритилган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Омбудсман хулосасига кўра ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйидаги беморлар навбатдан ташқари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Стоматолог ва гинеколог шифокорлари жалб этилиб, беморларда аниқланган касалликларни даволаш чоралари кўрилган.
Шунингдек, мазкур муассасанинг ётоқ жойларини таъмирлаш ҳамда беморлар учун спорт майдончасини қуриш ишларини 2025 йил харажатлар сметасига қўшиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Омбудсман тавсиясига кўра, “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, беморлар учун қўшимча 100 ўринли янги ётоқхона, қишки спорт майдончаси, фаоллар зали ҳамда яқин ҳудудлардаги ногиронлиги бор шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш учун кундузги парваришлаш-реабилитация бинолари қурилиб фойдаланишга топширилган.
Бундан ташқари, Омбудсман томонидан жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Бухоро вилоятида жойлашган Махсус қабулхонага амалга оширилган мониторинг ташрифида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман талабномаси киритилган эди.
Натижада Махсус қабулхонага норматив ҳужжатларга мувофиқ, сунъий шамоллатиш тизими ўрнатилган, камераларга етарли даражада ёруғлик тушиши таъминланган ҳамда ётоқ жойлари янги кўрпа-тўшак билан таъминланган. Баъзи тавсиялар ижроси бўйича ишлар давом этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА