ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси биноси олдида Ҳиндистон ва Покистон давлат байроқлари кўтарилди

Пойтахтимиздаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Ижроия қўмитасида 15 июнь куни Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг давлат мадҳиялари янграб, давлат байроқлари кўтарилди.

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлгани муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси, вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Носиров ва бошқалар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз фаолиятида ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, маслаҳатлашув, биргаликда тараққий этишга интилиш тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда ўтган давр мобайнида нуфузли халқаро ташкилотга айланганини таъкидлади.

ШҲТнинг глобал иқтисодий-ижтимоий, халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммоларни бартараф этишдаги, дунёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашдаги аҳамияти ва таъсири ошиб бораётгани ташкилотга аъзо бўлиш, кузатувчи ва мулоқот бўйича шериклар қаторига қўшилиш истагини билдираётган мамлакатлар кўпаяётганида яққол намоён бўлмоқда.

Жорий йилнинг 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Ҳиндистон ва Покистон ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Икки давлатнинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар ШҲТнинг 2016 йил Тошкентда ўтган саммитида имзоланган эди.

– Бугунги маросимда иштирок этиш мен учун катта шараф, – деди Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар. – ШҲТнинг Остона саммитида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан алоқалари узоқ тарихга бориб тақалишини, ўзаро ишонч ва ҳурмат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг асоси эканини таъкидлади. Ҳиндистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилингани кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

– Покистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан миннатдормиз, – деди Покистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Риаз Ҳусайн Бухари. – Покистон ўзаро ишонч, тенглик, маданий хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашув ва умумий ривожланишга интилиш тамойилларига тўла риоя қилади. Мамлакатимизнинг ШҲТ аъзолигига қабул қилингани унинг ташкилотга аъзо давлатлар билан ҳамкорлигини ҳар соҳада янада ривожлантиришга улкан ҳисса қўшади.

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлиши кўп томонлама ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга, минтақа ва дунёда тинчлик ва барқарорликни, изчил тараққиётни таъминлашда ШҲТ ролини оширишга хизмат қилади. ШҲТ фаолиятидаги савдо-иқтисодий алоқаларни, транспорт, инвестиция, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш имконини кенгайтиради.

 

Нодира Манзурова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА