Шавкат Мирзиёев: Мирзо Улуғбек бобомизга муносиб фарзанд бўлишингиз керак

Президентимиз Юнусобод туманидаги Мирзо Улуғбек номидаги физика, математика, информатика ва астрономия фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида яратилган шароитлар билан танишди.

Ушбу мактаб давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 сентябрдаги “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган.

Таълим муассасасида 180 нафар ўқувчи таълим олади. 2019-2020 ўқув йилида мактаб-интернатида 7-, 9-, 10-синфларда ўқиш истагини билдирган 403 нафар ўқувчидан 128 нафари махсус танлов асосида қабул қилинди. Бу ерда ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароитлар яратилган. Ётоқхона, амфитеатр, спорт зали ва майдончаси, ошхона, шунингдек, робототехника, тожмот ўйини, ёш физик, математик, астрономлар ва информатиклар тўгараклари ўқувчилар ихтиёрида.

Таълим сифатини ошириш, дарсларни хорижий андозалар асосида ташкил этиш мақсадида чет эллик педагоглар жалб этилган. Улар учун мактаб ҳовлисининг ўзида махсус меҳмонхона қурилган.

Мактаб-интернатда факультатив дарс сифатида аэрокосмик технологиялар хонаси ташкил этилган. Унда фанлар бўйича лаборатория ишларини виртуал тарзда ўрганиш, дарслик ва бадиий адабиётлардан фойдаланишга мўлжалланган “VR BOX”, HOLOMAX”, “QBOX замонавий ускуналари, электрон доска, Менделеев даврий жадвалининг электрон шакли ўрнатилган. Мактаб биносининг том қисмида жойлашган телескоп ўқувчиларнинг осмон жисмларини ўрганиши ва кузатиши учун муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари мактабнинг янги биносида яратилган шароитлар, ўқув хоналарини кўздан кечирди. Ўқувчилар билан суҳбатлашди.

– Бу мактабни Мирзо Улуғбек номи билан ташкил этганимиз бежиз эмас. Бундан фахрланишингиз, буюк бобомизга муносиб бўлишингиз керак. Бунинг учун жуда катта интилиш, қунт, меҳнат зарур. Ватанимизга керакли, етук мутахассислар бўлиб етишишингиз учун ҳамма шароитни яратиб берамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Дарс ва дам олиш вақтларини тўғри тақсимлаш, замонавий методикаларни қўллаб, болаларнинг фанларни яхши ўзлаштиришига имконият яратиш бўйича тавсиялар берилди.


 

Умар АСРОРОВ, ЎзА