Иш ҳақи оширилса, алимент миқдори ошадими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 июлдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонга кўра, 1 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилди.
Унга кўра, 2019 йилнинг 1 августидан юртимиз ҳудудида энг кам иш ҳақи –ойига 223 000 сўм этиб белгиланди. Унгача эса энг кам иш ҳақи миқдори – ойига 202 730 сўм бўлган. Бунда болалар учун тўланадиган алимент миқдори қандай бўлади? Бу ўзгаришларнинг мазкур тўловга таъсири қандай? Мазкур саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Фаррух Жўраев шундай жавоб берди:
– Оила кодексининг 99-моддасига мувофиқ, ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдори белгиланган, – дейди Ф.Жўраев. – Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Шунингдек, ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак. Яъни, 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб 167 250 сўмдан кам бўлмаслиги керак.Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 144-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Энди иш ҳақи оширилса, алимент миқдори ошадими деган саволга тўхталадиган бўлсак, ўртача ҳисобда отанинг иш ҳақи бошқа даромадларсиз 2019 йилнинг 1 августигача 1 000 000 сўм деб олсак, 1 августдан бошлаб 10 % оширилса, отанинг иш ҳақи 1 100 000 сўм бўлади.
2019 йилнинг 1 августигача ота бир бола учун тўртдан бир қисми, яъни 250 000 сўм алимент тўлайди. Икки бола учун — учдан бир қисми, яъни 333 333 сўм. Уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси, яъни 500 000 сўм миқдорда алимент тўлайди.

2019 йил 1 августдан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдори 10% га оширилиши ҳисобига отанинг иш ҳақи 1 100 000 сўмни ташкил этди. Шундан келиб чиқиб, ота бир бола учун тўртдан бир қисми, яъни 275 000 сўм. Икки бола учун — учдан бир қисми, яъни 366 667 сўм. Уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси, яъни 550 000 сўм миқдорда ундирилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2019 йил 1 августгача ва 1 августдан кейинги ҳолатдаги энг кам иш ҳақи миқдорлари ҳамда алимент миқдорларини солиштирадиган бўлсак, агар энг кам иш ҳақи миқдори 10% га оширилса, ўз-ўзидан алимент миқдори ҳам мутаносиб равишда 10% га ошишига олиб келишини кўришимиз мумкин.

Шунингдек, бюджет муассасалари ва ташкилотлари бўлмаган ташкилот ва корхоналар ёки хусусий секторлар ходимларининг иш ҳақи оширилиши алимент миқдорининг ўзгаришига олиб келмаслиги мумкин. Негаки, мазкур ходимларнинг иш ҳақи оширилиши алоҳида тартибда амалга оширилади.

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА