Ҳукуматлараро комиссия мажлиси

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 17 июль куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Афғонистон ҳукуматлараро комиссияси мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, энергетика, нефть-газ, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралари, компаниялар, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Комиссия ҳамраислари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов ва Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг катта маслаҳатчиси, молия вазири Муҳаммад Ҳумоюн Қаюмий мамлакатларимиз ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика, таълим соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистон бугунги кунда Афғонистондаги қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ёрдами билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик-толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилди. Ҳайратондан Мозори-Шарифгача темир йўл линияси қурилди. “Сурхон – Пули – Хумри” электр узатиш линиясининг қурилиши бўйича келишувлар икки мамлакат ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликда янги саҳифа очди. Навбатдаги қўшма лойиҳа Мозори-Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини биргаликда барпо этишдир.
Мамлакатимиздан Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда. Ўзбекистонда афғонистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган қатор корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улар савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда иш юритмоқда.
Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг катта маслаҳатчиси, комиссия ҳамраиси Муҳаммад Ҳумоюн Қаюмий иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фойдаланилмаган имкониятлар кўп эканини таъкидлади. Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун амалий чора-тадбирлар кўрилиб, темир йўл, транзит ва бошқа тўловлар тариф нархларининг туширилаётгани ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли ошириш учун янада қулай шароит яратаётгани қайд этилди.
– Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификациялаш ва саноатни модернизациялашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар эътиборга молик, – деди Муҳаммад Ҳумоюн Қаюмий. – Комиссия мажлиси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш учун қулай имконият бўлди. Ўзбекистон билан савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар каби соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Афғонистонга яқинда амалга оширган ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Афғонистонда етиштирилаётган пахта хомашёсини сертификатлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича кадрларни тайёрлаш, пестицидларни етказиб бериш, қишлоқ хўжалигини механизациялашга ёрдам кўрсатиш ва тажриба алмашишларни ташкил этишга доир келишувларга эришилган эди.
Мажлисда олий даражадаги учрашувлар, шунингдек, турли мақомдаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари чоғида эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, кенг кўламли савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистон делегацияси Ўзбекистондаги янги иқтисодий сиёсат самараси, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестициялар жалб қилиш учун яратилаётган шароит, юртимизнинг экспорт салоҳияти, индустриал зоналардаги имкониятлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш лозимлиги таъкидланди.
Мажлисда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Энергетика, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, металлургия, машинасозлик, таълим ва бошқа қатор соҳаларда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Афғонистонга электр, маиший, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини экспорт қилиш, биргаликда ўзаро фойдали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги истиқболли вазифалар кўриб чиқилди.
Афғонистон делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Афғонистон давлат ва хусусий секторлари вакиллари мулоқотининг иккинчи давраси, қўшма бизнес-форум ва ихтисослаштирилган кўргазма ҳам бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда Афғонистон расмий ва бизнес доираларининг юздан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Хусусан, “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган кўргазма саноатнинг турли тармоқларида, шунингдек, тиббиёт, фармацевтика соҳаларида ўзаро манфаатли келишувларга эришиш имконини берди. У мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган юқори сифатли маҳсулотларни Афғонистон бозорига етказиб бериш, ҳамкор мамлакат иқтисодиётини тиклашга қаратилган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилиш учун ҳам қулай платформа вазифасини ўтади.
Афғонистон делегацияси аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида, турли вазирлик ва идораларда ташкил этилган музокараларда иштирок этди.

 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА