Санъат усталари Оролбўйида

Умумхалқ ҳашарига айланган Оролнинг қуриган тубига саксовул экиш ишлари санъаткорларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон халқ артисти Ортиқ Отажонов, истеъдодли хонанда Феруза Жуманиёзова Орол денгизининг қуриган майдонида меҳнат қилаётган ҳашарчилар учун концерт дастурлари намойиш этди.

– Туманимизга юртимизнинг барча вилоятларидан келиб меҳнат қилаётган ишчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Таниқли санъаткорлар тез-тез келиб концерт дастурлари намойиш қилмоқда, одамлар билан учрашмоқда. Мўйноқда бўлаётган ўзгаришлар ҳамманинг қалбида ватанпарварлик туйғусини юксалтирмоқда, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Менлибеков. – Айниқса, санъаткорларнинг ташрифидан барча хурсанд. Янги йил байрами ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳам санъат усталари ташриф буюрган эди.

Санъаткорлар томонидан Мўйноқдаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқувчилар учун маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА