Ҳуқуқий онгсиз ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди

Шу жиҳатдан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони халқчил ва ҳаётий ҳужжат бўлди.
Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул юридик ёрдам кўрсатилиши ва бошқа жиҳатлар қамраб олингани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Бу унинг эзгу ғояларга йўғрилганини ҳам англатади.
Дарҳақиқат, мазкур фармон ушбу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан тубдан фарқ қилади. Унда озодликдан маҳрум этилган шахсларга жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш имкониятини яратиш ҳам кўзда тутилган. Бу каби қоидалар эса инсонпарварликнинг юксак намунасидир.
Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси, уни амалга ошириш учун “Йўл харитаси” тасдиқлангани унинг ижроси учун катта қулайлик яратди. Чунки харита чуқур ўйланган, мантиқий кетма-кетликка эга.
Аввал қабул қилинган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурида асосий эътибор ҳуқуқий маданиятга қаратилган бўлса, бу сафар нафақат ҳуқуқий маданият, балки ҳуқуқий онгни юксалтириш ҳам эътиборга олинган.
Маълумки, ҳуқуқий онг қонун ҳужжатларини билиш, ҳуқуқий саводхонлик даражасини англатади. Ҳуқуқий маданият эса ушбу билимларга таянган ҳолда қонун-қоидаларга амал қилишдир. Бошқача айтганда, ҳуқуқий онгсиз ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди.
Шу жиҳатдан фармонда мақбул ёндашув мавжуд. Яъни ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг узвийлигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Бу эса, шубҳасиз, ушбу йўналишда ўзига хос тизим яратилишига замин яратди.
Эндиликда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича мутлақо янги тизим янгича принцип асосида фаолият юритади. Бу жараёнда ижтимоий ҳаётнинг олтита асосий субъекти тўлиқ қамраб олинади. Яъни ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – “шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича узвийликда ташкил этилади.
Энг муҳими, бу жараён мактабгача таълим тизимидан бошланади. Мазкур тизимда “Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзусида кўргазмали машғулотлар олиб борилади.
3-7 ёшли фарзандларимизнинг онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчалари ҳамда одоб-ахлоқ нормалари чуқур сингдирилади. Бош қомусимизнинг муҳим жиҳатлари ўргатилади. Бу эса келажакда ҳуқуқий жиҳатдан маданиятли инсонни тарбиялаш йўлида ўзига хос пойдевор вазифасини бажаради.
Жамиятда фармон асосида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғоя мустаҳкамланмоқда.
Бунинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистонимиз ўз олдига мақсад қилиб қўйган демократик ҳуқуқий давлат қонунларни ҳурмат қиладиган юксак ҳуқуқий маданиятли фуқаролар билан барпо этилади. Бу борада бошқача йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Юқорида қайд этилган янги принципнинг биринчи элементи сифатида шахс белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, айнан ҳуқуқий маданиятли фуқаролар – ислоҳотларнинг оддий кузатувчиси эмас, бевосита ҳаётга татбиқ этувчиси, ижрочиси, керак бўлса, ташаббускоридир. Шу боис ҳам фармонда айнан юқоридаги принципиал ғоя асосида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фармон билан илк маротаба ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришнинг замонавий, инновацион усуллари жорий этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда ҳуқуқий маълумотлар етказиш тизимини ўз ичига оладиган миллий ҳуқуқий интернет портали, шунингдек, аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини қамраб олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади.
Халқаро амалиётда “pro bono” номи билан машҳур бўлган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш тизими ривожлантирилади.
“Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” лойиҳаси, яъни аҳолининг кундалик эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларни қизиқтирган ҳуқуқий мавзулар бўйича тарғиботни амалга ошириш механизми йўлга қўйилади.
Маҳаллаларда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида “Ҳуқуқий ахборот куни” ўтказилади.
Давлат бошқаруви органлари жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилишга оид лойиҳаларни амалга ошириш учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш ваколатига эга бўлди.
Фармонда давлат органлари хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ушбу тизимнинг муҳим омили сифатида алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳақиқатан ҳам давлат органлари хизматчилари ҳуқуқий онг ва маданиятда бошқаларга ўрнак, намуна бўлишлари талаб этилади. Шундагина жамиятда аҳоли ўртасида қонунларга бўлган ишонч, ҳурмат шаклланади. Қонун олдида барчанинг баробарлиги амалда таъминланади ҳамда қонунийлик муҳити қарор топади.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришнинг муҳим, таъбир жоиз бўлса, бирламчи омили бу – таълим ҳисобланади. Шу муносабат билан, фармонда юридик таълимни такомиллаштириш жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Таълим муассасаларининг ушбу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишининг самарали механизмлари кенгайтирилади. Турли ҳуқуқбузарликлар, қоидабузарликлар, гиёҳвандлик ва бошқа салбий ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга эришиш қонун устуворлигига, бу эса барчанинг ҳуқуқлари таъминланишига эришишнинг муҳим шартларидан. Бу эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш эса барчамизнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Фармон билан олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш бўйича барча чораларни амалга оширамиз. Бундан ҳеч ким четда турмаслиги, аксинча ўз ҳиссасини қўшишга интилиши шарт ва зарур.
Жаҳонгир Сафаров,
ИИВ Ташкилий департаменти
Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи,
юридик фанлари доктори.​

 

ЎзА