Лондонда ишлаган мутахассис – ҳокимга маслаҳатчи бўлди

Узоқ йиллар хорижда ишлаб тажриба орттирган мутахассис –Назиржон Жўраев Навоий вилояти ҳокимининг инвестиция ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси вазифасига тайинланди.

Н.Жўраев 1983 йилда Кармана туманида туғилган. Навоий давлат кончилик институтини битирган. 2007 йилда Лондон бухгалтерия ва молия коллежини тамомлагач, 2011 йилгача Англияда “Oceanic Village LTD” компаниясида менежер, 2018 йилгача “Jones Lang Lasalle” компаниясида бизнес иншоотларини бошқариш бўйича менежер ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. Шунингдек, Лондон қимматли қоғозлар бозорида тажриба тўплаган. Шу даврда Англиядаги Раскин университетининг магистратура босқичида таълим олган.

– Ўзбекистонда мен каби ёш мутахассисларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини кўриб, туғилиб ўсган юртимга қайтиб, хизмат қилишга қарор қилдим. Вилоят ҳокимининг таклифидан руҳланиб, ғайрат ва шижоат билан ишга киришаман. Навоий вилояти жуда катта ресурсларга бой ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, ер ости ва ер усти табиий захираларидан қурилиш индустриясида кенг фойдаланиладиган шиша, мармар ва гранит тошлари ҳамда базальт толасини ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиб чиқдим. Хорижий инвесторлар билан мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича вилоятда катта имкониятлар мавжуд. Хорижда ўрганганларимни ҳаётда қўллаш имкониятига эга бўлганимдан миннатдорман, – дейди ҳоким маслаҳатчиси Н.Жўраев.

Тажрибали мутахассис вилоятга камида 2 та халқаро банкларнинг инвестицияларини жалб этиш, Германиядаги халқаро университетнинг филиалини очиш ҳамда бир қатор инновацион ғояларни ўз ичига олган инвестицион лойиҳалар бўйича ўз таклифларини илгари сурмоқда.

– Тарихдан маълумки, ота-боболаримиз шу муқаддас заминда яшаб дунё тамаддунига – цивилизациясига асос солган. Уларнинг билимини узоқ йиллар ўзлаштирган ғарб олами ривожланди. Биз бугун уларнинг тажрибасини ислоҳотлар жараёнида қўллаётган бўлсакда, вақти келиб албатта, цивилизация яна Она заминига қайтади. Мен бунга ишонаман. Шунда дунё ҳамжамияти яна биздан андоза олишига, ўрганишига тўғри келади, – дейди Н.Жўраев.

Навоий вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати