"Тарих ва бугунги муносабатлар"

Пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2 октябрь куни «Ўзбекистон – Франция: тарих ва бугунги муносабатлар» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус, илмий доиралар вакиллари, дўстлик жамиятлари мутасаддилари, ахборот-таҳлил марказлари ходимлари, экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга ташрифи арафасида ташкил қилинган ушбу тадбирда Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги тарихий алоқалар, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, инвестициявий шерикликни ривожлантириш истиқболлари, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги сиёсий мулоқот юксак суръатда ривожланмоқда. Қатор қўшма тадбирлар туфайли манфаатли шериклик алоқалари тобора кенгаймоқда. Парламентлараро алоқаларга, илмий-техникавий соҳадаги ҳамкорликка алоҳида эътибор берилмоқда.

Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильморнинг таъкидлашича, ўзаро муносабатларда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этади.

Франция Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим савдо шерикларидан. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 251 миллион АҚШ долларидан ошди. Айниқса, фармацевтика, нефть-газ, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик изчиллик билан ривожланмоқда. Мамлакатимизда Франция капитали иштирокидаги 16 қўшма корхона фаолият юритмоқда.

6.JPG

9.JPG
– Мамлакатларимиз ўртасида азалдан ўзаро борди-келди, дипломатик ёзишмалар бўлгани солномаларда қайд этилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси билан Франция Республикасининг Миллий мажлиси ўртасидаги «Ўзбекистон – Франция» дўстлик гуруҳи раҳбари Акмал Саидов. – Бу асрлар давомида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-маданий, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик учун қулай замин яратган. Бугунги кунда ҳам юртимизда француз тили ва маданиятига қизиқиш юқори. Француз тилига ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда. Ишончимиз комилки, Президентимизнинг Францияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.

Тадбирда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, инвестициявий жозибадорликни оширишда Франция ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ташқи сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазамлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

 

Улуғбек Шоназаров, Ёқуб Мелибоев (сурат), ЎзА