​Деҳли шаҳрида Ўзбекистон тўғрисида матбуот-брифинглари ташкил этилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи олдидан Ўзбекистоннинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари учун қатор ахборот тадбирларини ўтказмоқда. 
Мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхонасида ташкил этилган матбуот-брифингида Ҳиндистоннинг етакчи нашрлари, телеканаллари, ахборот агентликлари ва онлайн нашрларидан 50 на яқин вакил иштирок этди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси И.Неъматов ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев Ҳиндистон матбуоти ходимларига давлатимиз раҳбарининг бўлажак давлат ташрифи аҳамияти, минтақавий ва халқаро масалаларда икки томонлама муносабатларнинг суръати, иқтисодий ва савдо алоқаларнинг ҳолати тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, маданият, кинематография, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Матбуот-брифингида Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи ҳар жиҳатдан самарали ва натижадор бўлиши ҳамда халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик анъанавий дўстлик муносабатларида янги саҳифани очиши алоҳида таъкидланди.
Жануби-Шарқий Осиёнинг халқаро мухбирлари клубида ташкил этилган матбуот-брифинги ҳам Президентимизнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири ўринбосари С.Саифназаров, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Бурнашев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари У.Қосимхўжаев ва бошқалар Деҳлида аккредитациядан ўтган хорижий мухбирларининг Ўзбекистон-Ҳиндистон савдо ва иқтисодий муносабатлари, мамлакатимизнинг инвестициявий ва туризм салоҳияти, икки давлатнинг минтақавий ва халқаро масалалардаги ҳамкорлиги тўғрисидаги саволларига жавоб берди. Тадбир халқаро мухбирлар клубининг фейсбук-саҳифасида реал вақт режимида ёритилди.
Ушбу тадбирлар туфайли газета ва журналлар, интернет-нашрлар, ижтимоий тармоқлар ва телевидение каналларида 200 га яқин материаллар эълон қилинди нашр этилди.​

 

ЎзА