Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти давлат ташрифига бағишланган махсус материаллар чоп этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида Деҳлида ОАВнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, туристик жозибадорлиги, кўп қиррали икки томонлама муносабатлар ва бизнес алмашинувга бағишланган махсус сонлари чоп этилди. 
Хусусан, ҳар ой чоп этиладиган «Business Central Asia» журналининг сентябрь ойидаги сони тўлиқ Ўзбекистонга бағишланди. Бу нашр (адади – 40 минг нусхадан ортиқ) Ҳиндистоннинг расмий ва ишбилармон доиралари, дипломатик ва халқаро ваколатхоналари орасида кўп ўқилади. Журнал муаллифлари ва ҳиндистонлик экспертлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий ўзгаришлар таҳлил қилиниб, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат, ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатлар, туризм ва авиақатновлар, инвестициявий жозибадорлик соҳасидаги янгиликлар шарҳига алоҳида эътибор қаратилган. Айрим мақолалар Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги маърузасида ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида илгари сурилган халқаро ва ички сиёсатга доир ташаббусларига бағишланган.
«Ўзбекистонда нима ўзгарди?» сарлавҳали мақолада минтақавий сиёсат, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга, мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилган. “Ўтган бир ярим йил ичида Ўзбекистон Президенти 25 олий даражадаги ташрифни амалга оширди, Олтмишдан зиёд давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашди, улар доирасида савдо ва инвестиция соҳаларида 400 дан ортиқ шартнома имзоланди”, дейилади материалда. “Ўзбекистон раҳбарияти ўзининг инновацион ёндашуви ҳамда ички ва ташқи сиёсати самарали эканини амалда исботлади, бу нафақат Ўзбекистон, балки унинг Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишидан манфаатдор хорижий ҳамкорлари учун ҳам муҳимдир”.
Журнал саҳифаларида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлари, энергетика соҳасидаги оқилона қарорлари ҳақидаги мақолалар ҳам чоп этилган. Хусусан, «Экстремизмнинг олдини олишнинг ўзбекча модели» номли мақолада ҳиндистонлик машҳур эксперт Мина Синх Рой Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг ўзига хос жиҳатларини очиб берар экан, мамлакат учун таълим, диний ва дунёвий билимларни эгаллаш жамиятни ривожлантириш ва замонавий хавф-хатарларнинг олдини олишнинг асоси ҳисобланишини қайд этган.
Бундан ташқари журналда зиёрат туризми, Ўзбекистонда сайёҳларнинг хавфсизлик даражаси, электрон ва транзит виза соҳасидаги янгиликлар, шунингдек мамлакатимизда жорий йилнинг кузида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий ва бизнес тадбирлар ҳақида маълумот берилган.
«Business Magazine» журнали бош саҳифасида «Ўзбекистон-Ҳиндистон: савдо ва инвестициялар учун янги имкониятлар» сарлавҳаси остида Ўзбекистон ва Ҳиндистон раҳбарлари суратларини чоп этган. Ушбу нашр Ҳиндистон Тижорат ва саноат палатаси томонидан Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланган бўлиб, икки томонлама иқтисодий муносабатлар, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўзгаришлар динамикаси, сармоявий имкониятлар, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигига бағишланган. “Ҳиндистон билан бизнес ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистон барча имкониятларга эга: Марказий Осиёдаги энг йирик бозор, сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик, табиий ресурсларнинг бой захираси, инсон капитали ва энергия ресурслари”, дейилади журнал мақолаларининг бирида. Нашр Ҳиндистон хусусий сектори эътиборини Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорликка жалб қилишга қаратилган.
Ҳиндистоннинг Микро, кичик ва ўрта бизнеси форуми томонидан «Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги» мавзусида махсус нашр чоп этилди. Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги чуқур алоқалар батафсил таҳлил қилинган.
Икки томонлама савдо айланмасига доир рақам ва фактлар келтирилган, Ҳиндистон йирик бизнес тузилмасининг Ўзбекистондаги қўшма лойиҳалари, фармацевтика соҳасида инвестиция киритиш имкониятлари, эркин иқтисодий зоналар, сармоядорлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва афзалликлар, транспорт коммуникациялари, логистика, виза ва бошқа тартиб-таомилларга доир маълумотлар тақдим этилган.
«Visit Uzbekistan» журнали тўлиқ мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти ва халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларга бағишланди. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан тайёрланган нашрда туризмнинг қизиқарли йўналишлари ва ҳинд жамоатчилиги учун сармояларга бағишланган мақолалар, фоторепортажлар ва ёрқин материаллар жамланган. Хусусан, Шаҳрисабзда ўтган халқаро мақом фестивали, Бухорода ўтказиладиган анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивали, Ўзбекистон шаҳарларида «Хойчой» ҳинд фильмининг суратга олиш жараёни ҳақидаги материаллар, шунингдек, ҳинд муаллифларининг Самарқанд, Марғилон, Қўқон, Андижонга ташрифи, ўзбек ипаги, сопол буюмлари, анъаналари ва меҳмондўстлиги ҳақидаги мақолалар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Журнал визуал тақдимот, ёрқин суратлар ва матнларнинг қисқа ва аниқлиги билан ажралиб турибди.
Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифига тайёргарлик жараёнини махсус мақолалар, етакчи телеканаллардаги кўрсатувлар, сайт ва ижтимоий тармоқларда материаллар бериб бориш орқали кенг ёритиб бормоқда. ​

 

ЎзА