Қонун устуворлиги: бу борада ёшлар нима дейди?

Пойтахтимиздаги Ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши томонидан “Қонун устуворлиги ёшлар нигоҳида” деб номланган семинар бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг мақсади ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.Қонун 33 моддадан иборат.

Унда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунида ёшлар (ёш фуқаролар) — 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар этиб белгиланган.

Демак, 30 ёшдан ошганлар энди ёш ҳисобланмайди.

Қонунга кўра, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишдан иборат. Шунингдек, ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатьий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш асосий мақсаддир.

Юртимизда ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш ҳам эътиборда.Бу хатти-ҳаракатлар самара беряптими?

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шароитлар яратилган. Аммо бу ёшлар қатламини тўлиқ қамраб олаётгани йўқ. Бунинг учун ҳеч бир ташкилот ёки муассаса айбдор эмаслиги таъкидланмоқда. Ҳар бир оила ўз имконияти ва дунёқарашидан келиб чиқиб шарт-шароитлардан фойдаланмоқда.

Семинарда мутахассислар ва ёшлар бу борада ва уюшмаган ёшлар масаласида танқидий фикрлар билдирди.

 

Б.Мелиқулова, ЎзА