Даниел Розенблум АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси бўлишга шай (+видео)

ВАШИНГТОН. Узоқ йиллар давомида АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида муҳим роль ўйнаб келган Даниел Розенблум яқин орада Тошкентда янги элчи сифатида иш бошлаши кутилмоқда. 23 август куни у АҚШ Сенати қошида сўзлаб, ўз мақсадларини тушунтирди. Энди у Сенат тасдиғидан ўтиши керак.
01.JPG
 
Навбаҳор Имомова, 
“Америка овози” – ЎзА
«Бутунлай суверен Ўзбекистон ким билан қандай ҳамкорлик қилишни эркин танлай олиши Америка манфаатлари учун хизмат қилади», деди Розенблум қонунчилар олдида сўзлар экан.
Унинг фикрича, эркинлик ва қонун устуворлиги Ўзбекистонни ёрқин келажак томон етакловчи энг муҳим омиллардир.
«Республикада Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар бошланган. Уларнинг ижобий натижалар бериши учун АҚШ ўз ҳиссасини қўшиши, Ўзбекистон халқини яқиндан қувватлаши керак. Элчиликка тайинлансам, АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар бўйича қўмитаси билан ишлаб, АҚШ манфаатларини тарғиб қиламан», деди Розенблум.
Хўш, дипломат нималарни кўзламоқда?

1. Афғонистонда тинчликни таъминлаш, минтақа хавфсизлигини ҳимоя қилиш, халқаро муаммоларга қарши курашда фаоллик кўрсатиш.
 
2. Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашиши йўлида ҳаракат қилиш. Ҳозиргига қараганда кўпроқ мадад кўрсатиш, барча жабҳаларда.
 
3. Америка хусусий секторини жалб этиб, инвестиция қилиш учун зарур шароит яратилишида кўмаклашиш.
 
4. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликни тарғиб қилиш. Ижобий ўзгаришларни олқишлаб, камчилик ва муаммоларни конструктив тарзда танқид қилиб, тизим яхшиланишига ҳисса қўшиш.
 
5. Икки халқни яқинлаштириш – турли алмашинув дастурлари, маданий ва илмий программалар орқали ёшларга имкониятлар яратиш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Розенблум 2014 йилдан бери АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан дипломатиясига бош-қош эди. Унгача Давлат департаментида турли бошқа лавозимларда ҳам минтақа, хусусан, Ўзбекистон билан ишлаган.
Касаба уюшмалари ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳам тажриба эга, чунки бу йўналишларда ҳам хизмат қилган.
Розенблум АҚШнинг нуфузли Ел ва Жонс Ҳопкинс университетларини битирган. Оҳаё штатидан зиёли оиласидан чиққан. Оилали, икки фарзанди бор.
Бу Розенблумнинг биринчи элчилик лавозими бўлади. Сенаторлар уни саволга тутар экан, Афғонистон юзасидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик нақадар муҳим эканига урғу берилди.
Демократ сенатор Жин Шаҳин «Ўзбекистон ўзгараётгани, очилаётгани биз учун жуда ижобий хабар ва бундан бағоят мамнунмиз», деди.
Бошқа сенаторлар ҳам ўхшаш фикрда. Ўзбекистон-АҚШ алоқалари мустаҳкам бўлиши керак, бугунгача эришилган ютуқларни бой бермаслик лозим, янги элчидан бир томондан ҳамкорликни янада кучайтириш, иккинчи томондан эса АҚШ учун муҳим қадрият ва мақсадларни олға суриш кутилади.
Розенблум дейдики, у зиммасидаги вазифани яхши тушунади ва тасдиқланган тақдирда Тошкентга эзгу ниятлар ва чуқур ишонч билан боради.
Вашингтон сиёсий доиралари Розенблумнинг Ўзбекистонга элчи сифатида кетаётганидан хурсанд. Тошкентда ҳам муносабат ижобий. Республика расмийлари ўзларига таниш одам элчи бўлиб келаётганидан мамнун. Ўзбекистон ҳукуматида Памела Спратлен элчилигида олдинга қўйилган улкан қадамлар давом этаверади, деган умид бор.

 

ЎзА