Сўнгги йилларда анъанавий тамаки маҳсулотларига муқобил саналган тамакини қиздириш маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарнинг республикага кириб келиши, айланмаси ва улардан фойдаланиш ҳолатлари тобора ортиб бормоқда. Масалан, 2021-2023 йилларда мамлакатимизга 5,4 миллион дона электрон сигареталар хориждан импорт қилинган бўлиб, бу 2018-2020 йилларга нисбатан 80 бараварга ошган.

Электрон сигареталардан фойдаланувчи ёшлар салмоғи катта ёшдагиларга нисбатан деярли беш баробар кўп. Энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари орасида ҳам ушбу маҳсулотларга қизиқиш тез суратларда ортмоқда.

Эндиликда электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритишга оид қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги партиялар фракциялари йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди.

Жумладан, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилиниб, лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар келажак авлодни, миллат генофондини, атроф-муҳитни янги тамаки ва никотин маҳсулотларидан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти директори А.Иноятов қонун лойиҳаси ҳақида маълумот берар экан, лойиҳада биринчидан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларининг Ўзбекистонда муомаласини тақиқлаш назарда тутилаётганини таъкидлади.

Иккинчидан, айланмаси тартибга солинган тамакини қиздириш тизимларини ҳамда муомаласи тақиқланган никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларни, шунингдек чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун жавобгарлик белгиланаётганини қайд этди.

Умуман, мазкур қонун лойиҳаси билан никотин ва тамаки маҳсулотларининг “замонавий” ва “инновацион” турларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, мамлакат ҳудудига олиб кириш тақиқланяпти.

Муҳокамаларда мазкур лойиҳа партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг ва муштарак экани алоҳида эътироф этилди. Фаракция аъзолари дунёнинг ўттиздан ортиқ давлатида электрон сигареталар тақиқланганини қайд этиб, мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда бир овоздан маъқуллади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА