Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатига олишнинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий асосларини шакллантиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Шу билан бирга, қонунчилик ва малака талабларига мос келмайдиган шахсларнинг тиббий ҳамда фармацевтик фаолият билан шуғулланишининг олдини олиш, ушбу соҳада хизмат кўрсатишда хатоликларни ва унинг оқибатида келиб чиқадиган салбий оқибатларни камайтириш зарурати ҳам мавжуд.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида кўриб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатига олишнинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий асосларини шакллантириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, лойиҳада аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган меъёрлар таклиф этилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг концепциясини муҳокама қилар экан, унда кўзда тутилаётган масалалар, аввало, аҳоли, сайловчилар манфаатларига хизмат қилиши кераклигига эътибор қаратди. Жойларда айрим мутахассис шифокорлар етишмаётган бир пайтда уларга маълум бир синовдан ўтиш талаби қўйилиши қанчалик тўғри бўлишига оид саволлар ўртага ташланди. Масъуллар эса инсон саломатлиги билан боғлиқ соҳа эгалари пухта билимга эга бўлиши зарурлигини қайд этди.
Бундан ташқари, йиғилишда яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА