Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Чунки бутун дунёда кузатилаётган глобал иқлим ўзгариши, экологик муаммолар шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қийин кечмоқда. Масалан, 2023 йилги қиш мавсумидаги аномал совуқ ҳарорат таъсирида республикамиздаги 9,1 минг гектар боғ, 4 минг гектар узумзорни совуқ уриши оқибатида 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлган.
Эндиликда қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурта қилишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда. Гап шундаки, “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда қишлоқ хўжалигида таваккалчиликларни суғурта қилиш сиёсатини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш тартиби ва тамойиллари белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳасида қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларни турли хил табиий офатлар ва бошқа хатарлардан кўриладиган зарарлардан суғурталаш орқали ҳимоялаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталашда суғурта муносабатларини тартибга солиш ва назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш кўзда тутилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг фаолиятида қулай шароит яратишини қайд этди. Шунингдек, партия сайловолди дастурида белгиланган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчиларни иқлим ўзгариши оқибатлари таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда форс-мажор ҳолатларда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА