1996 йил 21-22 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида биринчи Жаҳон телевидение форуми ўтказилди. Анжуманда ер юзининг етакчи ОАВ вакиллари ўзгарувчан дунёда телевидениенинг аҳамияти ортиб бораётганини эътироф этиб, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишди. Шу тариқа БМТ Бош Ассамблеяси форум бошланган санани мунтазам нишонлаш мақсадида 21 ноябрни Жаҳон телевидение куни, деб эълон қилди.
Телевидениенинг турли муҳим масалалар, жумладан иқтисодий-ижтимоий муаммолар, қолаверса тинчлик, хавфсизлик, можаро ва таҳдидларга глобал тарзда эътибор қаратиш орқали қарор қабул қилиш жараёнига таъсири кучайиб бораётган, кундалик ҳаётдаги салоҳияти ортиб бораётган бир пайтда буайни муддао эди.
БМТ таъкидлашича, Жаҳон телевидение куни масаланинг техник жиҳатига эмас, балки ойнаи жаҳон турмушимизга киритадиган фалсафага эътибор қаратади. Зеро, бугунги дунёда телевидение алоқа ва глобаллашув рамзи ҳисобланади.
Умуман, телевизор тарихи тахминан бир аср олдинги даврга бориб тақалади. Муайян масофага тасвирни узатиш ва қабул қилиш бўйича илк тажрибалар ўтган аср 20-йиллари бошида АҚШ, Япония ва собиқ Совет Иттифоқида электрон нурдан фойдаланган ҳолда ўтказилган. 1933 йил Россия-Америка муҳандиси Владимир Зворикин ҳамон айрим телевизорлар учун асосий эҳтиёт қисм вазифасини ўтаётган катод найчасини ихтиро қилди. Унинг кашфиёти туфайли Буюк Британия ва Германияда 1936, АҚШда 1941 йилдан мунтазам кўрсатувлар эфирга узатила бошланди. XX асрнинг 50-йилларида эса Европада телевидение маҳсулоти кенг тарқалди. Кейинчалик, 60-70-йиллари кўплаб ривожланган мамлакатларда давлат ва хусусий телекомпаниялар пайдо бўлди.
Бугунги кунда ҳам телевидение жамоатчилик фикрини шакллантириш, йўналтириш, бошқариш ва назорат қилишнинг муҳим воситаси сифатида эътироф этилади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
ЎзА