Нукусда “Саҳро палитрасидан яралган Қорақалпоқ тасвирий санъатининг бадиий таълимдаги ўрни” мавзусида икки кунлик республика семинари бўлиб ўтди.
Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ рассоми, академик Жоллибай Изентаев ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлди.
Унда сўзга чиққанлар таниқли рассомнинг ҳаёти ва ижодига, рассомчилик санъатини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссасига тўхталди.
Қорақалпоғистонда, умуман, Ўзбекистонда замонавий тасвирий санъатнинг ёрқин намоёндаларидан бири Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Жоллибай Изентаевнинг ижодида Қорақалпоқ халқининг анъанавий маданияти билан ХХ аср Ғарбий Европа санъатининг авангард бадиий ҳаракатларининг симбиози катта аҳамият тутади. У болалигидан расм чизишга қизиқиши ва истеъдодини намоён этди. Дастлаб П.П.Бенков номидаги республика рассомлик билим юртида, сўнгра К.Бекзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини Нукус шаҳридаги бадиий-ишлаб чиқариш устахоналарида бошлади. Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси лавозимида фаолият юритди.
У ижоди давомида манзара, портрет, сюжет композициялари, натюрморт каби жанрларда меҳнат қилди. Жумладан. натюрмортларида халқ ҳаётининг унсурларини, унинг миллий колоритини акс эттирди. У ХХ аср Ўзбекистон тасвирий санъатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, ўзига хос тасвирий услубни ярата олди. Ўтмиш ва келажак, Ғарб ва Шарқ ўртасида ўзига хос “кўприк” қўйди. Рассом Нукусдаги музей асосчиси Игор Савицкийни ўзининг руҳий устози деб билди.
Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Қорақалпоқ тасвирий санъати мактабини кенг оммалаштириш, бадиий таълим сифатини янада ошириш мақсадида республика семинарида Қорақалпоғистон Республикси Туризм бошқармаси бошлиғи Гулбаҳор Изентаева “Қорақалпоғистонда тасвирий санъат” (И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи мисолида), Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Сения Байбосинова “Академик Жоллибай Изентаев ҳаёти ва ижоди”, Туркманистон давлат бадиий Aкадемияси Санъатшунослик тарихи кафедраси ўқитувчиси Жерен Балтаева “Туркманистон торевтикаси”, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи илмий котиби Aйнур Aйтмуратова “Деворий рaсмлaр вa рaнглaр мaзмуни” мавзулари тингланди.
Шу куни Жоллибай Изентаев ҳаёти ва ижодига бағишланган “Қуёш нурларига йўғрилган олам” номли албом-каталогининг тақдимоти ҳамда рассомнинг ижодий ишларидан иборат кўргазмаси ташкил этилди. Унда рассомнинг 30 га яқин асари ўрин олди.
Тадбирда таъкидланганидек, рассом Жоллибай Изентаев ижоди давомида қорақалпоқ рангтасвир санъати мактабини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган устоз, истеъдодли ранг-тасвирчилардан бири сифатида ўчмас из қолдирди. Такрорланмас истеъдод эгаси бўлган рассом ўз асарларида она юртимиз, Орол, кўнгли пок ва сахий инсонлар сиймоси, халқимиз маданияти ва табиатнинг бой манзаралари тасвирлаган.
Тадбирнинг иккинчи куни Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида маҳорат дарслари, Ўзбекистон Республикасига хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, ҳайкалтарош Жолдасбек Қуттимуратовнинг ижодий асарларидан иборат кўргазмаси ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.