Мамлакатимизда фаол “халқ дипломатияси” асосида хорижий давлатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти икки халқ ўртасида таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган умумий мақсадларни амалга ошириб келаётир.

2017 йилда Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти аъзоларининг янги таркиби тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида маданий-гуманитар алоқалар кенгаяётгани илм-фан, таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта туртки бермоқда. Таълимда халқаро стандартларни жорий этиш, замонавий илм-фан ютуқлари билан ўртоқлашиш шулар жумласидан.

Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти ташаббуси билан ўтган йил май ойида Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтида америкалик талабалар учун интерактив дарслар ташкил этилди, август ойида Урганч давлат университетида халқаро конференция ўтказилди.

Тадбирларда Америка Қўшма Штатларининг Калифорния ва Сан Диего университетлари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, талабалари иштирок этди. Тажриба алмашиш амалиётларида хорижлик талабалар мамлакатимизнинг ўзига хос тарихи, маданияти, ривожланиш истиқболлари ва турли соҳаларга оид қизиқарли маълумотларга эга бўлди. Бу ҳамкорлик икки томонлама йўлга қўйилаётгани “Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамиятининг узоқ келажакка мўлжалланган интилишларини акс эттиради.

2017 йил октябрь ойида АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси томонидан Нью-Йорк шаҳрида “Ўзбекистон ривожланиш ислоҳотининг янги босқичида” мавзуидаги халқаро конференция ташкил этилди. Унда “Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти аъзолари иштирок этиб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Музокаралар давомида мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада кенгайтириш, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги мулоқотни фаоллаштиришнинг қатъий тарафдори экани қайд этилди. Жорий йил куз ойларида АҚШда Ўзбекистондаги ривожланиш истиқболларига бағишланган халқаро конференция ва ўзбек мумтоз мусиқасига оид “Shashmaqom forever” мусиқий кечасини ташкил қилишга келишиб олинди.

Шу йил 8 февраль куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Алишер Навоий ва ХХI аср” мавзусида республика илмий-амалий халқаро анжумани ўтказилди.

Анжуманда хорижий дипломатик корпус, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда Навоий ижодини ўрганишга қизиқиш янада ошиб бораётгани, асарлари оламшумул аҳамиятга экани ва бутун дунё Навоий шахсига ҳурмат бажо этишининг боиси у илгари сурган ғоялар ҳеч қачон эскирмаслигида экани эътироф этилди.

“Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, АҚШдаги фуқаролик ҳамжамияти институтлари, хориждаги ватандошлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу жамиятнинг ўзгармас ва стратегик режаси – мамлакатимизнинг тинчликсевар сиёсати, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш борасидаги Ўзбекистон позициясини, шунингдек, миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш тамойилига мосдир.

Шуҳрат Сирожиддинов,
 
“Ўзбекистон – АҚШ” дўстлик жамияти раиси,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети ректори.

 

ЎзА