2023 йил 12 август куни Тошкент халқаро аэропорти олдида «Кўприкқурилиш» трести томонидан қурилаётган йўл ўтказгичнинг 42 метрлик 5 дона балкаси монтаж жойидан тушиб кетган. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг расмий баёнотида воқеага кран ёрдамида монтаж қилиш жараёнидаги эҳтиётсизлик сабаб бўлгани ва ҳеч ким жабрланмагани маълум қилинди.
Ҳалокат натижасида 2 млрд 760 млн сўмлик зарар етказилган ва Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор шахслар гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
14 август куни эса “Зўр ТВ” телеканали мухбири ва тасвирчиси мавзуни ўрганиш мақсадида қурилиш ҳудудига борганида қаршиликка учраган ва телеканал оператори жароҳат олган.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, ОАВ вакилларига зўравонлик кўрсатиб, уларга қарши куч ишлатган ходим — «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси 67-кўприкқурилиш отряди иш бошқарувчиси Н.Эшниязов эканлиги ва у қилган иши учун ўша куннинг ўзида ишдан бўшатилганини маълум қилди.
Ушбу ҳолат бўйича Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилишларини сўраб, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллади.
Миллий медиа бирлашмаси бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжа ҳам ушбу ҳолатни кескин қоралаб, “Зўр ТВ” телеканали “Бу кун” дастури оператори Сардорбек Йўлдошевнинг бурни сингани, унга бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган ва айни вақтда у касалхонада эканлигини, мухбир Нурзодбек Воҳидовнинг энса қисмига шикаст етганини маълум қилди ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда “Трест кўприк қурилиш” УК дан масъулларга интизомий чоралар кўришни, шунингдек, келтирилган моддий ва маънавий зарар қопланишини сўради.
Ички ишлар вазирлиги “Зўр ТВ” телерадиокомпанияси ходимларига тан жароҳати етказилганлиги ҳолати юзасидан ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ҳам журналистлар фаолиятига бу тарзда қўпол қаршилик қилиш ҳолатларини кескин қоралайди.
Ишончимиз комилки, бу масала ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тўлақонли ва холисона ўрганиб чиқилади ҳамда қонуний чоралар кўрилади. Аммо шунчаки кимнидир ишдан бўшатиш билан масала ёпилмаслиги керак. Асослар бўлган ҳолда айбдор шахс(лар) жиноий жавобгарликка тортилиши шарт, деб ҳисоблаймиз.
Видеони тўлиқ ЎзАнинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин
Сардорбек Поёнов, Фаррух Худоёров,
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА