“WAM” хабар беришича, БАА Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён расмий ташриф билан Амманга келди. Олий мартабали меҳмонни Марка халқаро аэропортида Иордания Қироли Абдуллоҳ II бин Ал-Ҳусайн кутиб олди.

Икки давлат раҳбарлари учрашувида кўп йиллик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масаласи, қатор минтақавий ва халқаро тадбирлар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида муҳим стратегик соҳаларда шерикликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди. Икки мамлакатни барқарор ривожлантириш, халқлар фаровонлигини таъминлаш ва бошка муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар турли низоларни ҳал этишда мулоқот ва дипломатия муҳимлигига умумий ишонч билдирдилар. Тинчликни мустаҳкамлаш, минтақа ва дунё миқёсида барқарорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга содиқлик таъкидланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА