“Бойсун баҳори” нинг энг кучли полвонига “Нексия” насиб этди

Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали доирасида арқон тортиш, варрак сайли, хўроз, қўчқорлар жанги, кураш каби қизиқарли халқ ўйинлари ташкил этилди.
Миллий қадрият ва анъаналаримиз ўз аксини кенг намоён этган кураш мусобақасида мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва қўшни давлатлардан келган етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган полвонлар кенг майдонда ўзаро куч синашди. Кучи, чаққон ва эпчиллиги билан рақибларидан устун келган полвонлар турли совринлар билан тақдирланди.
IMG_1360.JPG
Энг сара, кучли полвонлар баҳсида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида яшайдиган Самижон Убайдуллаев мутлоқ ғолиб бўлди ва фестивалнинг олий соврини“Нексия-Равон”енгил автомашинасини қўлга киритди.
IMG_1486.JPG
Аждодларимиз неча минг йиллардан буён ардоқлаб келаётган миллий кураш мусобақаси ҳалоллик, чаққонлик, мардлик каби удумларга асослангани билан ҳам болаликдан мени ўзига мафтун этган. Ёшлигимдан тўйларда ташкил этилган беллашувларда қатнашиб, тобланганим, кураш сирларини чуқур ўрганганим эндиликда ўтказилаётган халқаро турнир ва бошқа мусобақаларда қўл келмоқда,дейди С. Убайдуллаев. Ушбу беллашувга юртимиз ва қўшни давлатлардан кўплаб кураги ерга тегмаган полвонлар  келган экан. Улар билан майдонга тушганимда чаққон ва эпчиллигим, мухлисларимнинг қўллаб-қувватлаб тургани менга далда бўлди. Алпомиш
ўниб-ўсган гўшада ўтказилган миллий кураш мусобақасида ғолиб бўлганимдан фахрланаман.
Миллий қадриятлар кенг тараннум этилиб, тинчлик ва миллатлараро дўстлик улуғланаётган гўзал табиат қўйнида миллий ҳунармандчилик буюмлари, рассомлар кўргазмаси, фольклорэтнографик жамоаларнинг ранг- баранг чиқишлари ва бошқа тадбирлар қизғин давом этмоқда.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА