АҚШнинг изланишлар маркази ўтказган тадқиқотларга кўра, дунёда Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги рейтингида 64-ўринни эгаллади. Бир йил олдин, ушбу рўйхатда Ўзбекистон 75-ўринда эди.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида «Ўзстандарт» агентлигининг «Республика синов ва сертификатлаштириш маркази» давлат корхонаси томонидан мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

«Республика синов ва сертификатлаштириш маркази» давлат корхонаси қошидаги халқаро талабларга жавоб берадиган, замонавий жиҳозланган Кимё-биология лабораторияси озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш ҳамда уларнинг сифат кўрсаткичларини аниқлашга ихтисослаштирилди. Лабораториянинг аккредитация доираси маҳсулотларни синаш бўйича 770 та (шундан 30 та халқаро ISO стандартлари) синов услубларига кенгайтирилди. Айни пайтда лабораторияларнинг аккредитация доираси маҳсулотларнинг қўшимча синов услублари бўйича яна 180 та стандартга кенгайтирилмоқда.

2018 йилнинг биринчи чорагида Кореянинг KOIKA дастури орқали грант маблағлари ҳисобига замонавий синов ускуналари ўзлаштирилиб, улар ёрдамида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичларини – маҳсулотларнинг пестицид қолдиқлари, токсик элементлар, микотоксинларни аниқлаш имконияти яратилди.

2018 йилнинг биринчи чорагида озиқ-овқат маҳсулотларига жами 187 дона мувофиқлик сертификати расмийлаштирилди. Шу вақт ичида 1 миллиард 875 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз, деб топилди. Марказ мутахассислари томонидан жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатларга асосан, савдо дўконларида сотилаётган маҳсулотларнинг сифатини аниқлаш бўйича назорат харидлари ҳам ўтказилиб, тегишли хулосалар берилмоқда.

Мисол учун: 2017 йил октябрь ойида Тошкент шаҳри савдо дўконларидан харид этилган ва текширилган 6 турдаги сут маҳсулотларининг 56 намунасида, колбаса маҳсулотларининг 18 намунасида камчиликлар аниқланиб, уларнинг бартараф этилиши назоратга олинган.

Кўрилган чоралар кўп ҳолларда ижобий натижаларни бермоқда. Масалан, Тошкентдаги «BIО NATURAL FOOD» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган сут ва сут маҳсулотлари физик-кимё ҳамда хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича синовдан ўтказилганидан сўнг, такроран ўрганилганида, ушбу камчиликларнинг бартараф этилгани, синовдан ўтказилган маҳсулотлар меъёрий ҳужжат талабларига мувофиқ, деб топилгани аниқланди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА