Ҳуқуқий муносабат
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун таътилларнинг айрим турлари назарда тутилган.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов билан мавзу юзасидан суҳбатлашамиз.
– Меҳнат кодексининг 213-моддасига кўра, иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун таътил турлари назарда тутилган. Жумладан, ҳар йилги меҳнат таътили, ижтимоий таътиллар, иш ҳақи қисман сақланадиган таътил, иш ҳақи сақланмайдиган таътил кабилар.
– Меҳнат фаолиятини илмий фаолият билан бирга олиб бораётган ходимлар, йиллик меҳнат таътилидан ташқари яна иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда таътил олиши мумкинми?
– Албатта, мумкин. Меҳнат кодексининг 387-моддасига кўра, ижодий таътиллар олиш мумкин. Ижодий таътиллар қуйидагича ҳисобланади.
Хусусан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига — уч ойгача, фан доктори (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертацияни якунлаш учун — олти ойгача.
Шунингдек, муаллифлар жамоалари томонидан дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларини ёзиш чоғида муаллифлар жамоаси аъзоларидан бирига муаллифлар гуруҳининг барча аъзолари имзолаган ёзма аризага мувофиқ ижодий таътил берилади. Муаллифлар таътилни ўзаро тақсимлашга ҳам ҳақли.
Илмий даража олишга даъвогарларга, шунингдек дарсликларнинг ёки ўқув-услубий қўлланмаларнинг муаллифларига навбатдаги йиллик меҳнат таътиллари улар ижодий таътиллардан фойдаланганидан қатъи назар берилади.
– Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун йиллик меҳнат таътили бериш тартиби қандай?
– Меҳнат кодексининг 418-моддасига кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга давомийлиги камида ўттиз календарь кун бўлган йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган исталган вақтида фойдаланиши мумкин.
Агар йиллик меҳнат таътили берилаётган иш йили ходим ўн саккиз ёшга тўладиган ва тўлиб бўлганидан кейинги даврларни қамраб олса, таътилнинг давомийлиги ходим ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ва ўн саккиз ёшга тўлганидан кейинги ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
– Меҳнат шартномасини бекор қилишда ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун қандай қўшимча кафолатлар мавжуд?
– Меҳнат кодексининг 421-моддасига кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.
– Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик меҳнат таътиллари бериш тартиби қандай?
– Меҳнат кодексининг 439-моддасига кўра, ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик асосий таътиллар, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча меҳнат таътиллари асосий иш жойидаги йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.
Агар ўриндошлик асосида ишнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, ўриндошлик асосида ишда йиллик меҳнат таътили учун ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.
Биринчи иш йилида олти ой ишлаган ўриндошларнинг йиллик меҳнат таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун йиллик меҳнат таътилига ўриндошлик асосида ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда, одатдаги тартибда ҳақ тўланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА