Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали “Бугунги психологлар нималарни тарғиб қиляпти?” мавзусида бўлиб ўтган овозли чатда Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси, оила ва болалар психологи Шоира Исоқова эксперт сифатида иштирок этди.
—Ҳозир айрим психологлар аёлларга кўпроқ оилани севишни, қадрлашни эмас, ўзини севишни, қадрлашни ўргатяпти. Аслида аёлнинг вазифаси нималардан иборат?
— Ҳозирги псевдопсихологлар аҳолига етказаётган маълумотларини кўпроқ хориждаги псевдопсихологлар билдирган фикрлардан олишяпти. Афсуски, уларнинг фикрларида кўп ҳолларда ўзимизга хослигимиз, миллатимизга ярашадиган хатти-ҳаракатлар кузатилмайди.
Аёлларга ўзингизни севинг, деган жумлани нотўғри тушунтириб беришяпти. Масалан, гўзаллик салонларига боринг, ўзингизни яхши кўринг, ўзингиз истаган нарсани қилинг, дейишади. Йўқ, инсон ўзи истаган нарсани қилолмайди. Ҳаётда ижтимоий одоблар, оиланинг ўзини одоблари бор. Аёл турмуш ўртоғидан рухсат сўрамасдан тўғри келган жойга кетолмайди. Бу динимиз нуқтаи назаридан ҳам мумкин эмас.
Айрим аёллар меъёрни билишмаяпти. Мен ўзимни севаман, бошқанинг хизматини қилмайман, хизматкор эмасман, деган фикрни маҳкам ушлаб олишмоқда. Аслида, уйдаги саранжом-саришталик, фарзандларга эътибор аёлнинг зиммасидаку. Булар бизнинг она сифатидаги вазифаларимиздир. Оилани ўйламасак, фарзандларимизга ғамхўрлик қилмасак, бу худбинликдан бошқа нарса эмас.
Тўғри, аёл ўзлигини англаши, тушуниши, ҳис қилиши, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўрни борлигини билиши керак. Биз бунга қарши эмасмиз. Биз шарқона гендер тарафдоримиз.
—Психологлар ҳам оила мавзусида гапираётганида ҳушёр бўлишлари керак. Оилаларни яхши томонга эмас, ёмон томонга ўзгартириб қўйишлари мумкин, шундай эмасми?
— Оила ҳақида гапириш учун психолог ҳам назарий билим, ҳам амалий тажрибага эга, кўпни кўрган ва яхши устозлардан илм олган бўлиши керак. Энг муҳими, оила ҳақида гапираётган одам фарзандлар тарбиялаган, қайнона-қайнота кўрган, муросаи мадора қила олган бўлиши зарур.
Ҳақиқий мутахассислар фаолиятини боғчадан, мактабдан, коллежлардан бошлаб, секин-асталик билан давом эттириб келади. Яъни, қуйи поғонадан бошлаб тажриба тўплайди. Шунда гапираётган гапларининг маъноси ва одамларга фойдаси бўлади.
— Сохта психологларни назорат қилиш мумкинми?
— Ҳозир ким бекорчи бўлса, ўша психолог, мотиватор, изотерик. Бу соҳа вакиллари қўзиқориндек кўпайиб кетди. Айрим психологлар ҳамма мавзуларни омухта қилиб, керак бўлмайдиган маълумотларни халқимизга сингдиришга ҳаракат қилишяпти. Бу миллатнинг ўзлигини йўқотиб қўйишигача олиб келади. Мен бу ҳақда жуда кўп чиқишларимда айтяпман. Лекин негадир мутасаддилар интервьюларимга жавоб қилишмаяпти. Бундай сохта психологлар қаердан пайдо бўляпти, қайси ташкилотдан чиқиб қолди, деган саволни ўрганиб, эътирозларимизга жавоб беришлари керак.
Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди. Республикамиздаги маънавий-психологик муҳит, айниқса, аёлларимизнинг онгини бузаётган сохта психологларни назорат қилиш зарур деб ўйлайман. Биз психологлар фаолиятини тартибга солувчи қонунни тақдим этганмиз.
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео) ЎзА