Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги ахборот агентликлари уюшмаси (UNA) электрон саҳифасида Президентимизнинг лавозимга киришиш маросимига бағишланган мақола эълон қилинди. Ушбу мақола уюшманинг “Twitter” ижтимоий тармоғидаги аккаунтига ҳам жойлаштирилди.

Мақолада таъкидланганидек, мамлакатимиз парламенти – Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма йиғилишида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимига киришиш маросимида давлат раҳбари келгуси етти йил учун янги муддатни қўлга киритгач, тантанали қасамёд қилди.

“Президент ўз нутқида мамлакатнинг келгуси етти йилга режалаштирилган стратегик мақсадларини ўз ичига олган “Йўл харитаси” ҳақида маълумот бера туриб, ижтимоий соҳани ривожлантириш, тадбиркорлик имкониятини кенгайтириш, Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя жалб этиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратди”, – дея қайд этади ИҲТ UNA нашри.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, мазкур тузилма 1972 йил ташкил этилган, 2017 йил ахборот агентликлари уюшмасига айлантирилган. Ҳозир 57 давлат аъзо UNA уч тилда фаолият олиб боради. Уюшманинг ахборот-электрон платформасида хабар ва мақолалар 15 тилда, жумладан, ўзбек тилида ҳам жойлаб борилади.

ЎзА