Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли драматург, адиб Алп Жамол таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча ҳамда “Меҳрибонлар” китоби тақдимоти ўтказилди.

Мазкур уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда буюк ўзгаришлар кечаётган шу кунларда устоз ижодкорларнинг таваллуд санаси, хотира йиғилишларининг ташкил этилиши Президентимизнинг адабиётга, маънавият-маърифатга бўлган эътибори юксак намунаси эканини таъкидлади.

– Алп Жамолдек тахаллус остида катта фожеа – ижодкорнинг қайғули қисмати, икки нафар норасида фарзандининг тақдири бор, – деди Сирожиддин Саййид. – Унинг асарларида тилга олинган мавзулар ҳамон долзарб, эскирмайдиган мавзулардир. Алп Жамолнинг “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Телевизион миниатюралар театри” кўрсатувлари бугун ҳам жуда дозарбдир.

–Асарлари бугунги кунга ҳам хизмат қилаётган ижодкорларнинг хотирасини ардоқлаш бурчимиздир, – деди устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Уларнинг жасорати, журъати, қатъияти ҳам бугун жуда керак бўлмоқда. Ҳаётнинг аччиқ сабоғи шундайки, улуғликка сира интилмаган, содда ва самимий  инсонларнинг қадрини уларни йўқотганимиздан кейингина англаймиз. Ҳақиқий асарларнинг тили, қаҳрамонлари, маъно-мазмуни сира ўзгармас экан. Алп Жамолдек ижодкорнинг асарлари тили ўзбекона лутф, аския, қочиримларга уйғун экани билан аҳамиятлидир.

Таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммаднинг таъкидлашича, Алп Жамол асарларида тилга олинган иллатлар бугун ҳам жамият муросасизлик билан кураш олиб бориши керак бўлган камчиликлардир.

–Алп Жамолдек ижодкорнинг хотира тадбирида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – деди Буюк Британиянинг Оксфорд университети ўқитувчиси Лейла Нажафзода. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Учинчи Ренессанс ҳақида кўп гапиряптилар. Айни жиҳатга Европада ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Назаримда бу Ренессанс сари йўл ўзбек ижодкорларининг асарларини уларнинг оригинал тилида ўқиш билан бошланади. Хорижлик ўқувчилар Алишер Навоий, Алп Жамолдек ижодкорлар асарини ўзбек тилида мутолаа қилишни истайди.

Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев, таниқли режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ва бошқалар Алп Жамолдек тахаллус билан ижод қилиб миллионлаб юракларни забт этган Жамолиддин Асомиддинов 200 дан ортиқ ҳажвий ҳикоя, интермедия муаллифи эканини таъкидлади. Алп Жамолнинг “Тоштешар”, “Жафога вафо”, “Қувғин”, “Тўйдаги тугун”, “Меҳрибонлар”, “Ғизғизон” каби асарлари вилоят ва пойтахт театрларида саҳналаштирилган. Шу зайл Алп Жамол ўзбек адабиётига, драматургиясига, ҳажвиётига, тележурналистикасига баҳоли-қудрат ҳисса қўшган ижодкордир.

–Бугун телевидениега Алп Жамолдек ижодкорлар етишмайди, – деди таниқли журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов. – Алп Жамолни Телеминиатюралар театрининг қироли деб аташ мумкин. Улуғ ижодкорларнинг қадрига етайлик, ижодини ўрганайлик.

“Меҳрибонлар” китобида таниқли драматург, миллий телеминиатюралар театри кўрсатуви асосчилардан бири ҳақида  замондошлар хотиралари, ижодкорнинг мураккаб ҳаёт йўли, дунёқараши кўз ўнгимизда гавдаланади.

Хотира тадбирида Алп Жамол ижодининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Ижодкор ҳақидаги илиқ хотиралар ёдга олинди. Марҳум ижодкорнинг фарзандига Алп Жамолни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилиш бўйича гувоҳнома топширилди. Йиғилганларга “Меҳрибонлар” китоби тақдим этилди.

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири