Миср оммавий ахборот воситалари Кена музофотида Ал-Аликат қишлоғида одамлар орасида номаълум хасталик тарқалгани ҳақида хабар тарқатишмоқда. Қишлоқ Қоҳира шаҳридан жануб томонда жойлашган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги нохуш хабар тарқалган жойга тиббий гуруҳ жўнатгани ҳақида маълум қилди. Улар беморлардан ва атроф-муҳитдан намуналар олади.
Аввалроқ Cairo24 портали ва мамлакатдаги бошқа бир қатор оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Ал-Аликат қишлоғида 200 га яқин кишида ғалати касаллик қайд этилган. Хасталик аломатлари тана ҳароратининг кўтарилиши, ланжлик, бош оғриғи ва кучли чарчоқ кўринишида кечмоқда. Кузатувчилар Денге безгаги бўлиши мумкин, дейишмоқда.
Миср соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Амр Қандил Sada el-Balad телеканалига интервью берар экан, мутахассислар қишлоқда кунига икки маротаба пестицид сепаётгани, таҳлилга чивинлар ва оқова сувлардан намуна олинаётганини таъкидлаган.