Муносабат

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизни келгуси етти йилда янада ривожлантириш ҳамда кўп миллатли халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, Президентимиз халқимизнинг билдирилган юксак ишончи келгуси етти йилда хоҳ у халқ вакили депутат ё сенатор бўлсин, хоҳ вазир ва ҳоким, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари – ҳар биримиздан аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини таъкидлаб ўтди.

Бунда эса, энг аввало, ислоҳотларимизнинг таъсирчанлиги ва бардавомлигини таъминлаш, танлаган йўлимизда учраши мумкин бўлган барча хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни ҳисобга олган ҳолда иш олиб боришимиз талафотсиз кўзланган манзилга етишимизга хизмат қилади.

Нега деганда, бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи бизга намоён этмоқда. Шу боис, ҳар бир имкониятдан оқилона фойдаланиб, ҳар қандай муаммони ақл ва илм билан ҳал қилишимиз, турли синовларни халқимиз билан бамаслаҳат, оғир-вазмин бўлиб енгиб ўтишимиз зарур бўлади.

Бу жараёнда парламент палаталари, ҳукуматимиз, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ўзларининг келгуси фаолиятларини юқоридаги каби омилларнинг барчасини инобатга олган ҳолда ташкил этиши муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Президентимиз нутқида таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси билан ишончли таъминлаш, ижтимоий инфратузилмалар ишини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилишини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратилиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бу жараёнда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқиш ҳам устувор мақсад ва вазифалардан бири сифатида белгиланади.

Жумладан, Президентимизнинг сайловолди дастурида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳам алоҳида эътибор қартилган.

Хусусан, ортопедия, реабилитация, тиббиёт ва дори воситаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзлари танлайдиган, давлат эса пулини тўлаб берадиган тизим жорий қилинади. Ушбу тизимнинг жорий этилиши эса, юртимиздаги минглаб имконияти чекланган юртдошларимизга кенг имконият яратиб бериш билан бир қаторда, уларнинг ўзларига бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади.

Шунингдек, ногиронликни белгилаш бўйича ҳозирги тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтилади. Яъни эндиликда ногиронлиги бўлган шахсларга нафақат тиббий кўмак кўрсатилади, шу билан бирга, ишлаш истагидаги ногирон шахсларга ўз қобилиятларини тўлақонли намойиш этишлари учун зарур бўлган шароитлар ҳам яратиб берилади.

Ва бу борадаги энг муҳим ташаббуслардан бири, оиласидаги ногиронлиги бўлган одамга қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизимининг жорий қилинишидир. Халқимизда касал эмас, уни боққан касал деган ажойиб бир мақол бор. Эндиликда ногиронлиги бўлган шахсларга қаровчиларга иш ҳақи берилиши ўйлайманки, нафақат уларни иқтисодий жиҳатдан, шу билан бирга, руҳан ҳам янада қўллаб-қувватланишига сабаб бўлади.

Умуман олганда Президентимиз нутқида таъкидланганидек, келгуси етти йилда мамлакатимизни тараққий эттиришга қаратилган янги стратегия ишлаб чиқилади. Ушбу стратегиянинг ҳаётимизга тўлақонли татбиқ этилиши биз, халқ вакиларидан халқчил ва барча соҳа ва тармоқлар тараққиётига тўсиқларсиз хизмат қиладиган қонунларни ишлаб чиқишни талаб этади.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА