Маълумки, ҳар бир давлат иқтисодиёти олдида турган муҳим вазифалардан бири экспорт салоҳиятини юксалтириш. Бу учун эса жаҳондаги янгидан-янги бозорларга кириб бориш зарур. Бироқ, мамлакатларнинг бозор борасидаги ўз қонун-қоидалари, қонунчилик ҳужжатлари, товар ва маҳсулотларга алоқадор талаблари бор. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Соҳа тилида айтадиган бўлсак “техник тўсиқлар” мавжуд.
Бу тўсиқлар аслида ички бозор сифати ва софлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутади. Ўзбекистон миллий аккредитация маркази яқинда Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги (АРАС)га аъзо бўлди. АҚШда мазкур тузилма Бош Ассамблеясида иштирок этди.
Хўш мазкур ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга нима беради? Ўзбекистон миллий аккредитация маркази директори Ансабхон Зокиров билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
– Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлигига аъзолик Ўзбекистонга нима беради?
– Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги (APAC) ташкилоти Осиё ва Тинч океани минтақасидаги барча аккредитация ташкилотларини ўзида жамлаган. Биз ҳам ушбу халқаро ҳамжамиятга аъзо бўлдик. Аъзо ва кўп томонлама битимларга қўл қўйган давлатлар бир-бирининг маҳсулот сифати синовларини ўзаро тан олади. Яъни “Бир маротаба синовдан ўтказиб, бутун дунёда тан олиш” тамойилига кўра иш юритади. Бу эса ўз навбатида, бозорларга эркин кириб бориш имкониятини беради. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматлари сифати хорижий давлатлар иқтисодиёти ва жамияти талаби даражасида бўлишига, сифат кўрсаткичининг юқорилиги билан ишонч қозониб, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишга ёрдам беради.
Биз аъзо бўлган бу ташкилот дунёдаги энг катта минтақавий ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунда дунёда жами 6 та минтақавий аккредитация ташкилоти бўлса, биттаси APAC.
Ўзбекистон миллий аккредитация маркази 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Давлатимиз раҳбари томонидан ташкилотга аккредитация тизимини халқаро даражага олиб чиқиш ва халқаро стандартлар асосида ишлашини таъминлаш асосий вазифа сифатида қўйилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2020 йилда Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлиги (APAC) ташкилоти мухбир аъзоси бўлиб иштирок этганмиз. 2022 йилда ташкилот бизнинг фаолиятимизни ўрганди. Ўрганишлар натижасида фаолиятимизга юқори баҳо берди. APAC ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қарор қабул қилинди. Натижада Ўзбекистон 2022 йил сентябрь ойида мазкур ташкилотга тўлиқ ва тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.
Жорий йилнинг 23 июнь – 1 июль кунлари АҚШнинг Калифорния штатида APAC халқаро ташкилоти Бош Ассамблеясининг йиғилиши бўлиб ўтди. “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК вакиллари тўла ҳуқуқли аъзо сифатида илк бора ушбу нуфузли анжуманда иштирок этди.
Ассамблеяда қатнашишдан мақсад, аввало Ўзбекистонда аккредитация соҳасида олиб борилаётган янгиликлар билан таништириш ҳамда “APAC-MRA” Кўп томонлама битимини имзолаш бўлди. Эндиликда APAC доирасида ўтказиладиган ҳар бир техник ва бошқарув соҳасидаги йиғилишда Ўзбекистон ўз нуқтаи-назари ва фикрларини билдира олади ҳамда илгари суради. Зотан, Ўзбекистон аккредитация маркази ушбу нуфузли ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида бу каби имтиёзлардан фойдаланиши ҳар томонлама фойдалидир.
Анжуман сессияларида турли давлатлар аккредитация идоралари билан ҳам мунозара ва суҳбатлар бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, марказ келгусида Ҳиндистоннинг иккита аккредитация идораси билан икки янги соҳада – тиббий лабораториялар аккредитацияси ва сертификатлаштириш йўналишида ҳамкорлик қилади.
– АPАC халқаро ташкилоти Бош Ассамблеясида қандай масалалар илгари сурилди?
– Мазкур ташкилотга аъзо давлатлар олдига қўйган устувор масалалардан бири бу экология. Яъни, аккредитация қандай қилиб экологияни муайян ҳолда сақлаб қола олади? Бундан ташқари сув муаммоси, яшил экология масалалари кўтарилди.
Хорижий давлатларда аккредитация – тиббиёт, фармацевтика, экология каби тизимларгача кириб борган. Мисол учун, биотехнология ривожланган хорижий давлатларда ҳар бир одам тўғрисида барча маълумот сақланади. Масалан, у инсон бутун умр давомида қандай касалликларга чалингани ҳақида тўлиқ маълумот сақланади.
Шунингдек, биобанкинг тизими кенг тарқалган. Бу тизим бутун дунёда аккредитация қилинади. Бунда инсон туғилганидан то вафотига қадар, инсондан олинган жамики биоматериаллар, яъни қон таҳлили, бошқа таҳлиллар барчаси сақланиб борилади. Шу таҳлиллар асосида бу инсон чалиниши мумкин бўлган касалликлар аниқланади. Бу касалликлар нима оқибатида содир бўлгани тўғрисида маълумотлар базаси шаклланиб боради. Бу тизим тараққий этган давлатларда жуда ривожланиб бормоқда. Бунда инсонлар оғир касалликка чалинишнинг олдини олиш учун бу тизимдан фойдаланади. Бунда аккредитациянинг ўрни катта.
Бундан ташқари тиббий лабораториялар. Бугунги кунда мамлакатимиздаги тиббий лабораторияларга қон топширсангиз, турли натижаларни кўрсатиш эҳтимоли жуда юқори. Қайси бирига ишонишни билмайсиз. Бунинг натижасида врач ҳам ташхис қўйишга қийналади. Мазкур тиббий лабораторияларга қанчалик ишонч бор? Шу ерда ҳам аккредитациянинг ўрни катта. Ривожланган давлатларда мазкур тизимларга аллақачон аккредитация кириб борган. Биз ҳам аккредитация иштирокини таъминлашни мақсад қилганмиз. Бугунги кунда бу борада хорижий давлатлар тажрибасини ўрганяпмиз.
– Ўзбекистон аккредитация тизими халқаро даражада тан олиниши мамлакат иқтисодиёти учун қанчалик аҳамиятли?
–Ташкилотнинг иқтисодиётга қўшаётган ҳиссаси беқиёс. Мамлакатимизда аккредитация фаолиятининг алоҳида ўрни бор. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, хавфсизлиги бўйича хорижий мамлакатлардаги ҳамкорларнинг ишончини қозониш керак. Мана шу ишончни бизнинг ташкилот қозонади. Бу ишончни қозонадиган бошқа ташкилот йўқ.
Иқтисодчи олимлар томонидан маҳсулот бозоргир бўлиши учун сифат билан нархи график асосида кўрсатилади. Шу нарх ва сифат кесишув нуқтасида энг харидоргир маҳсулот яратилади. Мисол учун, шундай маҳсулотлар бор сифатли, аммо жуда қиммат. Буни барча фуқаролар харид қилолмайди. Дунёвий айрим брендлар бор. Уларнинг арзимаган кийим-кечаги фалон пул туради. Уни ҳамма ҳам харид қилишга имкони йўқ. Шунинг учун сифат ва нарх уйғунлиги кесишув нуқтаси энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади. Аммо, глобаллашув, халқаро савдонинг ривожланиши натижасида икки унсурга учинчи унсур яъни, ишончлилик қўшилди. Нархи, сифати яхши бироқ, маҳсулотнинг доимий сифати таъминлаб турилишига ишонса бўладими? Мана шунинг кафолатида аккредитация фаолияти биринчи бўғин ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, ташкилотимиз хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган, экспорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган ишончини қозониб бериши керак.
Агар ишонч қозонилмаса, ҳамкор доимий ҳамкор бўлмайди. Доимий ҳамкор бўлиши учун икки томон ҳамкорлиги ўртасида ишонч бўлиши керак. Агар ишончга путур етса, экспорт тўхтатилиши, корхоналар таназзулга учраши мумкин. Шу боис, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир маҳсулотнинг ишончини қозониб берадиган кўприк аккредитация хизмати бўлади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, APAC ташкилотига хорижий давлатлар аккредитация идоралари тўла ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши учун ўртача 5-6 йил талаб этилади. Ўзбекистон бу натижага 3 йилда эришди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА