Халқаро алоқалар, айниқса, иқтисодий муносабатлар ривожлангани сари уларни ҳуқуқий тартибга солиш, низолар пайдо бўлганда унга ҳуқуқий баҳо бериш зарур.
Халқаро арбитраж судлари ёки турли мамлакатларнинг шундай судлари айнан иқтисодий низоларни ҳал этишга хизмат қилади. Хўш, чет эл арбитражи қарорлари қандай тан олинади ва ижрога қаратилади?
Олий суд томонидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилган семинар шу мавзуга бағишланди.
Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Сингапур халқаро тижорат суди судьяси Анселмо Рейес, Осиё тараққиёт банки экспертлари ва иқтисодий ишлар бўйича судьялар иштирок этган тадбирда чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид қонунчилик, суд амалиёти таҳлили, бу борадаги илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар муҳокама қилинди.
Сингапур халқаро тижорат суди судьяси А.Рейес чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш бўйича илғор хорижий тажриба, бу борадаги Сингапур судларининг тажрибаси, чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишнинг халқаро тенденциялари ва муаммолари ҳақида маъруза қилди.
Олий суд судьяcи Б.Сайфуллаев Олий суднинг арбитражлар ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид ишлар бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш борасидаги фаолиятига тўхталди.
Ўзбекистонда арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид қонунчилик, чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш бўйича кўрилган ишлар таҳлили, чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари, бу борадаги Ўзбекистондаги судлар амалиёти, арбитражлар ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишга оид кўрилган ишлар, муаммолар ва таклифлар бўйича фикр алмашилди.
Иштирокчилар ушбу семинар арбитражлар ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш бўйича судьяларнинг билим ва малакасини ошириш, ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судлов сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА