Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Бухоро вилояти бўйича ишончли вакили Самойдин Ҳусенов очди.
Ишончли вакил кейинги йилларда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бухоро вилоятида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, уларнинг одамлар турмуши фаровонлигини яхшилашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Номзод дастлаб аҳолига қулай турмуш шароити яратишга оид режалари ҳақида тўхталди.
Жумладан, келгуси етти йилда:
– 1,5 мингдан зиёд кўп қаватли уйлар қурилиб, 60 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади;
– вилоятда 7 минг километр йўллар, жумладан, 3,5 минг километр ички йўллар ва 300 дан зиёд кўприклар таъмирланади;
– 1 миллион 200 минг аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг километр янги тармоқ ва 84 та сув иншооти барпо этилади. Натижада Бухорода марказлашган ичимлик суви бўйича қамров 77 фоиздан 95 фоизга етказилади;
– туман ва шаҳар марказларида 1 минг 200 километр канализация тармоқлари ва 150 та оқова сув тозалаш иншоотлари қурилади. Шу орқали 600 мингдан зиёд аҳоли илк бор канализация хизматига уланиб, вилоятда қамров даражаси ҳозирги 9 фоиздан 40 фоизга оширилади;
– маҳаллаларда 10 минг километр электр тармоқлари қурилиб, 1 мингта трансформатор янгиланади.
Бухорода аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича қилинадиган ишлар бўйича маълумот берилди.
– 2030 йилга қадар маҳаллаларда 50 та янги оилавий поликлиника ва шифокор пункти қурилиб, 200 таси тўлиқ таъмирланади. Мураккаб операцияга муҳтож, туғма юрак нуқсони бор 1 минг нафардан ортиқ болаларни давлат ҳисобидан даволаш ташкил этилади. Бу ишларга Бухоро учун йилига 30 миллиард сўмдан ажратамиз.
Шунингдек, Бухорода Халқаро халқ табобати маркази ва Фармацевтика кластери ташкил қилинади. Бунинг учун 50 миллион доллар инвестиция жалб қиламиз, – деди номзод.
Бухоро вилоятида Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонидаги инвесторлар билан ҳамкорликда 2 та шамол ва 3 та қуёш электр станциясини барпо этиш режалаштирилгани айтилди.
– Уларда йилига 10 миллиард киловатт соат ёки вилоят эҳтиёжидан икки марта кўп электр энергияси ишлаб чиқарилади. Умуман, келгуси етти йилда умумий қиймати 17 миллиард долларлик 8 мингта саноат лойиҳалари амалга оширилади ва 120 мингта янги иш ўрни яратилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Номзод экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга ошириладиган ишларга алоҳида тўхталди.
– Яна бир масала – экологияни асраш ва маиший чиқиндилар билан ишлаш бўйича Бухоро тажрибасини яратамиз. Келгуси етти йилда вилоятдаги 15 та қаттиқ маиший чиқинди полигони ёпилиб, 6 таси модернизация қилинади. Вилоятга 200 та замонавий чиқинди ташиш техникаси харид қилинади, ҳар бир маҳаллада чиқинди йиғиш шохобчалари қурилади. Чўл ҳудудлардаги қум кўчишининг олдини олиш мақсадида 20 миллион туп саксовул ва бошқа бута кўчатлари экилади. Умуман, Бухоро вилоятини биринчилар қаторида “экологик тоза, чиқиндисиз ҳудуд”га айлантириш бўйича катта ҳаракатни бошласак, ўйлайманки, буни бутун вилоят аҳли қўллаб-қувватлайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда мамлакатимизда мактаб инфратузилмасини яхшилаш, таълим сифатини ошириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
– 2030 йилга қадар янги мактаблар барпо этиш ва бор қувватларни ошириш ҳисобига қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратишни режа қилганмиз (ҳозирда 5,2 миллион ўқувчи ўрни мавжуд). Бунда жорий йилда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастурини бошлаймиз. Бунинг учун янги – Мактаб инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этамиз ва унга ҳар йили 1 миллиард доллардан маблағ ажратамиз.
Мазкур Жамғарма маблағлари ҳисобидан 170 та янги мактаб қурилади, 3 минг 210 таси реконструкция қилинади. Натижада қўшимча 1 миллион 400 минг ўқувчи ўрни яратилади, – деди номзод.
Шавкат Мирзиёев хусусий таълимни ривожлантиришга оид режалари ҳақида ҳам маълумот берди.
– Хусусий мактабларга 1-синфга борган боланинг ота-онасига бир йил давомида мактаб учун ойлик тўловининг 450 минг сўми компенсация қилинади. Тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил этиш учун олинадиган кредитнинг 14 фоиздан ортган қисми қоплаб берилади.
Хусусий мактабларда муаллимлар учун талаблар давлат мактаблари билан бир хил бўлади. Шу орқали мактабларда ўқувчилар сони 35 нафардан кўп бўлган бирорта синф қолмайди (ҳозир 37 мингта бундай синф бор).
Умуман, ҳозирги вақтда хусусий мактабларда мавжуд 85 минг ўқувчи ўрнини 2030 йилга қадар камида 400 мингтага етказиш бўйича барча шароитни яратиб берамиз, – деди номзод.
Учрашувда яна бир муҳим ташаббус ҳақида маълум қилинди. Яъни, 2030 йилга қадар барча мактабларда Президент мактаблари ўқув дастури ва методикалари жорий қилинади.
– Жумладан, юқори синфда аниқ ва табиий фанлар ҳамда чет тилларини чуқурроқ ўқитиш йўлга қўйилади. Келгуси етти йилда барча мактабларга “тил эгалари” бўлган ўқитувчиларни олиб келамиз. Бунинг учун ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилади. Педагогика олийгоҳларининг ўқув дастурлари ҳам Президент мактабларидаги ўқитиш ва баҳолаш услубларига мослаштирилади, – деди номзод.
Илғор технологияларни биладиган, дарс бериш ва ўқувчилар билимини баҳолашда янгича ёндашадиган муаллимлар қўллаб-қувватланади.
– Энди муаллимларнинг нафақат билими, балки малака ва маҳоратини ҳам баҳолаб, малака сертификатини бериш тизими жорий этилади. Малака сертификатини олган ўқитувчига 70 фоиз қўшимча ҳақ тўланади (ҳозирда энг юқори устама 40 фоиз). Умуман, келгуси етти йилда муаллимларнинг ойлик маоши икки карра оширилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Номзод педагогларни қўллаб-қувватлашга оид режалари ҳақида ҳам сўзлаб берди. Жумладан:
– Муаллимларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида уларнинг кўп йиллик иш стажи учун илк бор устама ҳақи тўлаш тизими жорий этилади.
Бошланғич синф ўқитувчиларининг ҳафталик юкламаси 18 соатдан 16 соатга, юқори синф ўқитувчилариники 20 соатдан 18 соатга туширилади.
Бу орқали тўлиқ ставкада ишламаётган жами 150 минг нафар муаллимнинг ойлиги ўртача 30 фоизга оширилади.
Ўқитувчиларга ҳар йили сиҳатгоҳларда соғлиғини тиклаши учун имтиёзли йўлланмалар берилади. Шунингдек, ҳар йили 1 минг нафар муаллим стажировка ўташ учун хорижга юборилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА