Ёши улуғларимиз соғлом ҳаёт кечиришда ёки фарзандларининг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларда, аввало, табиий ўзлаштирган табобат усулларидан фойдаланишга уринишган.

Юртимизда барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизими, тиббиёт ва табобатни ислоҳ қилиш борасида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фуқароларни соғлом ҳаёт тарзига жалб қилиш, турмуш сифатини яхшилаш, ногиронлик ва сурункали касалликларни камайтириш ҳамда умрни узайтиришга қаратилган сабабчи омиллардан бири бўлмоқда.

Дарҳақиқат, инсонлар саломатлигини таъминлаш, сурункали касалликлар профилактикаси ва уларни даволашда хавфсизлик ҳамда самарадорлик жиҳатдан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади.

ЎзА мухбири халқ табобати мутахассисларининг соғлом ҳаёт кечириш, навқирон яшаш ва узоқ умр кўриш борасидаги тавсия ва таклифларига қизиқди.

Алижон Зоҳидий, табобат фанлари доктори, Европа табиий фанлар академияси академиги:

– Умрни узайтириш, ёшлик ва гўзалликни имкон қадар узоқ муддат сақлаб қолиш муаммолари қадимдан мавжуд бўлган. Ёш ўтиши билан инсоннинг қарий бошлаши табиий биологик жараёндир. Инсондаги ёш билан боғлиқ ўзгаришлар жисмоний фаолликни чеклайди, ташқи кўринишда қарилик белгилари намоён бўла боради. Ривожланган мамлакатларда инсоннинг кексалик даври 75 ёшдан сўнг бошланиши қайд этилган бўлсада, шайхур раис Ибн Сино кексаликнинг чегараси 59 ёшдан деб баҳолаган.

Инсоннинг қариш суръати ва индивидуал хослиги, ҳар битта одамда наслий омиллар ва атроф-муҳитнинг таъсири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, давлатимиз раҳбарининг дастурларидан алоҳида ўрин олган. Бу жараён, шартли равишда, ўз вақтида, яъни жисмоний ва вақтидан олдин қарий бошлаш турларига бўлинади. Жисмоний қариш ҳолатида инсон энг нуроний ёшигача ҳам амалий соғломлигини сақлай олади, у ўзини эплайди ташқи ёрдамга ортиқча эҳтиёж сезмайди, атроф-муҳитга бўлган қизиқишини ва ижтимоий фаолиятини сўндирмайди. Вақтидан олдин қариш жараёни эса кексалик белгиларининг эрта намоён бўла бориши билан белгиланади. Организмнинг бирон сабаб билан тўсатдан кучли зўриқиши, тартибли жараённинг бузилиши, салбий одатлар, масалан, ичкиликбозлик, кашандалик каби сабаблар қариш жараёнини сезиларли тезлатади.

Ирсий омиллар ҳам бу жараёнда жуда катта аҳамиятга эга. Аждодлари узоқ умр кўрган инсонларда ҳам нуроний кекса бўлиш имконияти сақланиб қолади. Ёшнинг секин-асталик билан олдинга силжий бошлаши натижасида инсон организмидаги қариш жараёни ўзининг сезиларли ўзгаришларини, аъзолар фаолиятининг сустлашиб боришида намоён қилади. Жисмоний кексайиш ёш билан боғлиқ белгилар – юрак, қон-томир ва асаб тизимидаги ўзгаришлар билан кечади. Қариялар ва кексая бошлаган инсонларнинг юрак уриши тезлиги пастлашиб боради. Катта жисмоний зўриқишлар билан боғлиқ бўлган юрак қисқаришининг тўсатдан тезлашиб кетиши, юрак мускулларида қон айланишининг етишмаслиги оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, чақалоқлик, болалик, ёшлик, ўрта ёшда қандай бўлганидан қатъи назар, 60 ёшдан бошлаб мижоз қуруқшаб, совиб бораверади, шу боис кексалар совуққа чидамсиз ва баданда сув камайиб қуришиш ҳисобига тана вазни енгиллашиб, териси бужмаяди.

Ёш билан боғлиқ ўзгаришлар асаб тизимининг ёмонлашувига, хотиранинг яқин ҳодисаларга унутувчанлигига, руҳий чарчоқ ва сабабсиз хафагарчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Айни дамдаги рангдор ва ёрқин ҳодисаларга нисбатан бефарқлик юзага чиқиб, “ўтган кунларга қочиш” синдроми биринчи планга ўтиб олади. Улар асосий вақтларини “хотиралар мамлакатида” яшаб ўтқазадилар ёки хаёлларини мудом соғлиқлари билан боғлиқ муаммолар, ўзларидаги касалликлар сабабли тушкун кайфиятлар банд қилиб қўяди. Аммо баъзи пайтларда юқоридаги ҳолатларнинг буткул тескарисини ҳам кўриш мумкин, яъни кексалик муаммоларини умуман тан олмайдилар, балки ўз ғайратлари ва ҳаракатчанликлари билан баъзи ёшларга ўрнак ҳам бўла оладилар.

Қутбиддин Низомов, Республика Соғлиқни сақлаш аълочиси, Турон Халқ ёзувчиси: 

– Инсон организмининг қариш жараёни ва ҳаётининг асосан иккинчи ярмида авж олиши мумкин бўлган сурункали хасталиклар орасида боғлиқлик ҳам бор. Кекса ёшли инсонлар орасида кенг тарқалган атеросклероз хасталиги, юракда қон таъминотининг етишмаслиги, юрак мускулларининг сиқилиши ёки инфаркт-миокарди, бош миянинг қон билан қийин таъминланиши ва яна бошқа аъзоларнинг фаолияти бузилиши билан боғлиқ. Кекса ёшлиларда қон босимининг баландлиги ҳам кўп кузатилади ва бу ҳам атеросклероз хасталигининг даракчисига ўхшайди. Кексаларда яна кўп учрайдиган хасталиклар сирасига қандли диабет, остеохондроз, радикулит, бўғимлар билан боғлиқ касалликлар ҳам киради. Кексайганда пайдо бўладиган ақлий заифлик – Альцгеймер касаллиги 60 ёшдан ўтиб, ҳар олти нафардан биттасида учрайди. Овқатланишда мўътадилликни йўлга қўйиш ва семириб кетишдан сақланиш, юқорида санаб ўтилган касалликлардан ҳар қандай ёшдаги инсонларни, шу жумладан, кексаларни ҳам бир мунча ҳимоя қила олади.

Кекса ёшдаги инсонларнинг кимёвий дори-дармонлар билан даволанишида, ўта эҳтиёткорлик ва эътибор талаб қилинади. Ўзбилармонлик билан даволаниш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Кекса инсонларнинг кўпчилиги уйқу меъёри бузилганидан шикоят қилади. Ёш ўтиши билан кечки уйқуга бўлган талаб ҳам сусаяди ва 5-8 соатлик ўта сергак уйқудан ортиғига чўзилмайди. Уйқусизлик хасталигини иложи борича кимёвий дориларсиз тартибга солишга ҳаракат қилган маъқул. Ҳаракатлардаги фаолликни ошириш, уйқудан олдинги оромбахш сайр, кечки овқатнинг уйқудан 3-4 соат олдин, аччиқ чой ва қаҳвасиз қилиш, ётоқхонадаги ҳароратнинг 18-20 градусдан ошмаслиги ва тушиб кетмаслиги, уйқу пайтида умуртқа поғонасининг қулай жойлашишини таъминловчи тўшак – буларнинг барчаси, айниқса, кекса ёшдаги инсонларнинг хайрли дам олишларига ёрдам берувчи қоидалардир. Кекса ёшдаги инсонларда учрайдиган яна бир муаммо – ичакларнинг ўз вақтида бўшалиш тартибининг бузилиши. Уларда қабзиятни овқатланиш меъёрининг бузилиши, аччиқ маҳсулотларга тобелик ҳолатлари келтириб чиқаради. Шунингдек, кам ҳаракатлилик, суюқликни етарли миқдорда ичмаслик, кимёвий дорилар қабул қилиш ҳам қабзиятга сабаб бўлади.

Инсоннинг турмуш тарзи, иш фаолияти, асаб тизими ҳолати, ташқи ва ички ҳодисаларга бўлган муносабати қариш жараёнига етарлича таъсир ўтказа олади. Меҳнат ва дам олишни тўғри шакллантириш, тўғри овқатланиш, фаол ҳаракат, инсонлар билан олийжаноб муносабат, организмда ижобий жараёнларнинг бардавом бўлишига ёрдам бера олади. Меҳнат ва ҳаракат узоқ умр гарови эканлигини унутмаслик керак. Ҳаётга бўлган муҳаббатни сақлаш, йиллар давомида эришилган ютуқлар, жамоада ҳурматли, оилада эътиборли бўлиш сингари омиллар, инсоннинг кекса ёшида ҳам навқирон кўринишига сабаб бўлади.

Меҳри Нурўзова, Халқ Табобати академияси бошқарув Кенгаши раиси, техника фанлари номзоди:

– Енгил гимнастика машқларини эрталаб бажариш, кекса инсонлар учун муҳим аҳамият касб этади. Ҳар битта организмнинг ўзига хослигига қараб, гимнастика машқлари секин-аста мураккаблаша боради. Узоқ давом этадиган пиёда сайрлар жуда фойдали. Сайр чоғида гавдани тик тутиб, қадамларни тўғри ташлаб, текис нафас олишни назорат қилиб турилса, сайр мажбурий эмас, балки роҳатланиб бажарилса, бу айни муддаодир. Тоза ҳаводаги жисмоний меҳнатлар, боғ ишлари, балиқ овига чиқиш ҳам кексалар учун жуда фойдали. Иссиқ кунларда қуёшнинг тикка нурлари тагида узоқ вақт қолиш, зўриқишга сабаб бўлувчи жисмоний ишларни тўқ қоринга бирданига бажариш мумкин эмас. Узоқ масофага югуриш машқлари фақатгина, маълум тайёргарлик машқларидан сўнггина тавсия қилинади. Ҳаракат фаоллиги марказий асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Болалик чоғлардан риоя қилинган соғлом турмуш тарзи турли хасталикларнинг олдини олибгина қолмай, эрта қаришни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан ҳам асрайди. Соғлом кексалик ва узоқ умрнинг тамал тоши ҳаётнинг илк босқичларидан бошлаб қўйилади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жуда муҳимки, инсонларнинг ёшлиги ва мафтункорлигини сақлашнинг энг аҳамиятли омилларидан бири, бу – қалб гўзаллиги ҳамдир! Ёш ва гўзал кўринишли инсонлар яхши ниятли, олийжаноб, тоза мақсадлар сари интилувчан, ўз ҳаётини бошқалар бахти учун бағишлай оладиган инсонлардир!

Ирсияти покиза, соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган, ўринсиз асабийлашмайдиган, жисмоний, ақлий ва руҳий лаёқатни сусайтирмайдиган кишиларда саломатлик, ёшлик ва гўзаллик узоқ давом этади.

Абдулазиз Рустамов, ЎзА