Қуввати 100 кВт.гача бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда умумий тармоққа сотилган электр энергиясидан олинадиган даромадларни фойда солиғидан озод этиш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларни мол-мулк солиғидан, қурилмалар билан банд бўлган ерлар бўйича ер солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.
Бу янгилик ва ўзгаришлар «Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз ифодасини топмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама этилди. Фракция аъзолари лойиҳани муҳокама қилар экан, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Мазкур қонун лойиҳаси амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш имконини беришини қайд этди.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурида белгиланган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, энергия ресурсларидан тежамли фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишга доир дастурий мақсад-вазифалар билан ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлади.
М.Комилова, ЎзА