Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим мактаблари 1-синфига 2023-2024 ўқув йилида 88533 нафар болани қабул қилиш кутилмоқда. Уларнинг 87 минг нафардан ортиғи давлат мактабларига, 1430 нафари нодавлат таълим муассасаларига, шунингдек, 70 нафарга яқини бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасаларига қабул қилинади.
– “Таълим тўғрисида” ги қонунда умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига болаларни улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба методисти Исомиддин Нусратов. – Ушбу тартибга мувофиқ, бу йил 2016 йилнинг 31 декабрь кунигача туғилган болалар мактабларга қабул қилинади. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида яшовчи ота-оналар ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар фарзандларини мактабга жойлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон давлат хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали онлайн шаклда мурожаат қилишлари мумкин. Бошқа туман ва шаҳарлардаги умумий ўрта таълим мактаблари 1-синфига қабул жараёнлари эса Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарорида белгиланган тартибда умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан анъанавий шаклда амалга оширилади ҳамда мактабга қабул қилинган ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар мактаб раҳбарияти томонидан вазирликнинг электрон тизими (adm.maktаb.uz)га киритилади.
Нодавлат таълим ташкилотлари, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги мактабларнинг 1-синфига қабул қилинган болалар ҳақидаги маълумотлар ҳам шу куннинг ўзида вазирликнинг электрон тизимига киритилиши белгиланган. Қабул жараёни давлат хизматлари ва анъанавий шаклда бўлишидан қатъий назар болаларни мактабларга қабул қилиш 20 июндан 31 июлга қадар бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1-15 августга қадар микроҳудуддан ташқари ҳудудлар бўйича амалга оширилади. 2023 йилнинг 30 августига қадар 1-синфга қабул қилинган болалар учун 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари вазирликнинг электрон тизими (adm.maktab.uz) га киритилган болалар сонига мос равишда умумий ўрта таълим мактабларига етказиб берилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА