Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати бу йил сиртқи (“заочний”)га қабул жараёнлари юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан 2023/2024 ўқув йили қабулидан бошлаб, педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМ ларнинг фақат 14 та таълим йўналиши бўйича сиртқи шаклга қабул амалга оширилмайди. Қолган педагогик таълим йўналишларига ҳужжат топшириш учун камида 5 йил иш стажи талаб этилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентнинг 2022 йил 22 июндаги «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, педагогика соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи таълим шакли бўйича ўқиш истагида бўлган шахсларнинг таълим тизимида камида беш йиллик педагогик иш стажига эга эканлиги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.

Мандат натижалари қачон эълон қилинади? Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутахассисининг сўзларига кўра, абитуриентлар тест синовида иштирок этган кунининг эртасига ўз натижасини билиб олиши мумкин.

Абитуриентнинг жавоблар варақаси рангли сканер қилиниб, шахсий кабинетига жойлаштирилади ва у ерда нечанчи саволга қайси жавоб белгилангани, бу жавоб тўғри ёки нотўғри эканлиги кўрсатилади.

Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг, бир ҳафта ичида абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бўйича натижалар эълон қилинади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА