Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига молик бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Мажлисни кириш сўз билан очган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида иштирок этгани, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Спикер мамлакатимизда муддатидан илгари бўлиб ўтаётган Президент сайлови ҳақида ҳам тўхталиб, сайлов жараёнлари муҳим босқичга киргани, президентликка номзодлар рўйхатга олингани, сайловолди ташвиқоти жорий йил 7 июндан бошланиши, номзодларнинг сайловолди дастурларида мамлакатимиз ривожига қаратилган муҳим ташаббуслар, шу жумладан, қонунчилик ташаббуслари илгари сурилаётганини қайд этди.

Шунингдек, “Сайлов жараёнлари миллий сайлов қонунчилигимиз, хусусан, Сайлов кодекси ва умумэътироф этилган халқаро талабларга мувофиқ шаффоф ташкил этилмоқда”, деди Спикер.

Муҳтарама Комилова, ЎзА