Нукусдаги Амфитеатр мажмуасида қўл жангининг R1 йўналиши бўйича профессионал спортчилар ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Халқаро қўл жанги федерацияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси қўл жанги федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада Россия, Германия, Белорусь, Озарбайжон, Молдова, Тожикистон ва мамлакатимиз спортчилари ўз маҳоратини намойиш этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Рустам Сапарбаев, Халқаро қўл жанги федерацияси Президенти Астахов Сергей Александрович ва бошқалар сўзга чиқиб,  давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда спортни, шу жумладан, яккама-якка кураш турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга тўхталди.

Мусобақани 48 килограмм вазн тоифасидаги ёш спортчилар бошлаб берди. Унда А.Аҳадов (Фарғона) ва Е.Айбеков (Нукус) ўртасидаги беллашувда қорақалпоғистонлик спортчининг қўли баланд келди. Шундан сўнг  57 кило (ярим енгил) вазнда З.Абдураҳмонов (Озарбайжон) ҳамда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган яна бир қорақалпоғистонлик  И.Абдреимов беллашувида майдон эгаси ғалаба қозонди. 62 килограмм (енгил) вазн тоифасида россиялик Т.Токарев ҳамда мамлакатимиз вакили Ш.Турсунов ўртасидаги беллашувда анча тажрибага эга россиялик спортчига омад кулиб боқди.

67 кило вазн тоифасида  германиялик Ник Шанлер ва мамлакатимиз вакили Х.Сатторов, 80 кило вазн тоифасида тожикистонлик У.Усмонов ҳамда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган қорақалпоғистонлик  Н.Ситмуратовларнинг чиқиши мусобақанинг энг чиройли жанглари бўлди. Унда мамлакатимиз спортчилари муддатидан олдин ғалаба қозонди.

Мусобақани 88 кило ва 97 кило вазн тоифаларидаги спортчилар якунлаб берди. 88 кило вазн тоифасидаги беллашувда беларуслик Д.Гвоздев ва мамлакатимиз вакили Ж.Раҳмоналиев,  97 кило вазн тоифасидаги беллашувда Молдова вакили Д.Чакуста ҳамда тажрибали спортчиларимиздан бири Б.Хожабековлар рингга кўтарилди. Ҳар иккала беллашувда ҳам мамлакатимиз спортчилари ғалаба қозонди.

Мусобақа ғолиб ва иштирокчилари 3000, 2000 ва 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари, шунингдек, мураббийлар эсдалик совғалари билан  тақдирланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА